Microsoft россиялик хакерларни Трамп ва Байден штабларига киберҳужум уюштирганликда айблади
Microsoft компанияси россиялик, хитойлик ва эронлик хакерларни Дональд Трамп ва унинг сайловлардаги рақиби Жо Байденнинг сайловолди штаб ходимларига кибер ҳужум уюштирганликда айблади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Сўнгги ҳафталарда Microsoft бўлажак президентлик сайловларида иштирок этадиган одамлар ва ташкилотларга қарши кибер ҳужумлар, жумладан, Трамп ва Байден штаб-квартиралари билан боғлиқ одамларга нисбатан муваффақиятсиз ҳужумларни қайд этди”, дейилган компания хабарида.
Microsoft Россия ҳудудида фаолият олиб борувчи “Стронций” номли гуруҳни 200 дан ортиқ ташкилотга, жумладан, номзодлар штаблари, ноҳукумат ташкилотлари, партиялар ва сиёсий маслаҳатчиларга ҳужум уюштирганликда айбламоқда.
Шунингдек, компания Хитойда фаолият юритувчи “Цирконий” гуруҳини Жо Байденнинг сайловолди штабига ҳужум қилганликда ҳам айблади. Компаниянинг таъкидлашича, Эронда ҳаракатланувчи “Фосфор” гуруҳи Трампнинг президентлик штаби билан боғлиқ бўлган турли аккаунтларга ҳужум уюштирган.