Россиялик хакерлар АҚШ молия вазирлиги компьютер тизимини бузишда айбланмоқда

Россиялик хакерлар бир кун олдин содир бўлган АҚШ молия вазирлиги ва миллий телекоммуникация ва ахборот маъмурияти тизимига тажовуз қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда “Thye Washington Post” нашри хабар берди.

Аммо рус хакерларининг ушбу киберҳужумга алоқадорлиги тўғрисида ҳеч қандай далил келтирилмаган.

Газетанинг ёзишича, ҳужум гўёки Россия ҳукуматига ишлаётган APT29 (Cosy Bear) хакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилган. Аммо улар қайси маълумотларга эга бўла олишгани ноаниқ. ФБИ ушбу ҳодисани текширмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, худди шу хакерлар гуруҳи Барак Обама президентлиги даврида Давлат департаменти ва Оқ уй тизимларига тажовуз қилган. Шунингдек, манбаларга кўра, APT29 гуруҳи ўтган ҳафта Американинг йирик FireYeye компаниясига ҳужум уюштирган. Бундай ҳужумлар бир неча ойдан бери рўй бераётганлиги ҳақида маълум бўлган.

Аввалроқ, Reuters ушбу вазиятдан хабардор манбаларга асосланиб, айрим чет эл ҳукуматлари қўллаб-қувватлаган бир гуруҳ хакерлар АҚШ молия вазирлиги ва миллий телекоммуникация ва ахборот бошқармаси тизимига кириб, уларнинг маълумотларини ўғирлашга муваффақ бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди. Бузиш кўлами шунчалик жиддийки, бу борада 12 декабрь куни Оқ уйда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ноябрь ойида Microsoft Россия ва Шимолий кореялик хакерларни коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарувчиларга ҳужум қилганликда айблади. Октябрь ойи охирида эса Fancy Bear гуруҳи демократик партия манбаларига ҳужум қилиб, АҚШ сайловларига таъсир ўтказмоқчи бўлганлиги ҳақида хабар берилган.