НАТО вазирлари Минск аэропортига мажбурий қўндирилган самолёт билан боғлиқ ҳолатни муҳокама қилди

НАТО ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари кеча, 1 июнь куни "RyanAir" авиакомпанияси самолётининг Минск аэропортига мажбурий қўниши билан боғлиқ Беларусь муносабатларини муҳокама қилиш учун телеконференция ўтказди.

Бир кун аввал альянс Беларусь вакилларининг Брюсселдаги ўз штаб-квартирасига киришини чеклади. НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, бу хавфсизлик нуқтаи назаридан ва "RyanAir" самолётининг қўнишига норозилик сифатида қилинган.

Шунингдек, вазирлар Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилишди.
"Ҳеч шубҳа йўқки, Афғонистон жиддий муаммоларга дуч келмоқда, - деди НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг. – Мамлакат олдида кўп қийинчиликлар турибди. Шу билан бирга, мен афғонларнинг келажаги ўзларига боғлиқлигига қатъий ишонаман. Урушни тугатишнинг ягона йўли бу афғонлар иштирокидаги ва раҳбарлигидаги тинчлик жараёни".

НАТО мамлакатлари, биринчи навбатда Қўшма Штатлар май ойи бошида Афғонистондан ўз контингентларини олиб чиқишни бошлашди. Бу толибонлар ҳаракатининг тобора кучайиб бораётган ҳарбий фаолияти фонида бўлди. Пентагон америкаликларга яқиндан кўмаклашган ушбу мамлакат фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилаётганини билдирди.

Шунингдек, видеоконференция 14 июнга режалаштирилган саммит йиғилишини юқори даражада тайёрлашга мўлжалланган. Бу АҚШнинг янги президенти Жо Байден иштирок этадиган биринчи НАТО саммити бўлади. Охирги марта НАТО раҳбарлари Лондонда 2019 йилнинг декабрида учрашган эди.