Наврўз байрами дунёнинг турли бурчакларида қандай нишонланади?

Айни кунларда сайёрамизда 300 миллионга яқин киши Наврўз (Науруз, Наурыз, Новруз, Ноуруз, Невруз) байрамини нишонламоқда. Олимларнинг қайд этишича, ушбу байрам 3000 (бошқа маълумотларга 5000) йил давомида Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар бўйлаб ривожланиб келган.
2009 йилда Наврўз байрами ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди, 2010 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси 21 март кунини Халқаро Наврўз куни деб эълон қилди.
Наврўз қаерда нишонланади?
Бугунги кунда Наврўз Озарбайжон, Албания, Афғонистон, Босния ва Герцеговина, Грузия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой (Шинжон-Уйғур автоном райони ва бошқа ҳудудлар), Мўғулистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Ироқ ва Ўзбекистонда нишонланади.
Бу байрам Россиянинг туркий, кавказ ва эрон тилларида сўзлашувчи (татарлар, бошқирдлар, қрим-татарлар, қумиқлар, лазгинлар, агуллар, сахурлар, табасаранлар, қорачойлар, болқарлар, кабардинлар, черкеслар, нўғайлар, ингушлар, Ставрополь туркманлари ва татлар) йигирмадан ортиқ туб аҳолиси учун анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Баъзи муаллифлар Ўрта аср тарихчилари байрам Яманда “эронча тарзда” нишонланганлиги ҳақида ёзишади. Фотимийлар даврида Мисрда “Науруз” олов ёқиш, совғалар алмашинуви, қўшиқ айтиш ва рақсга тушиш каби барча ўзига хос форс маросимлар билан бирга халқ байрами сифатида қабул қилинган.
Байрам ватани
Унинг келиб чиқиши форсларнинг Қадимги Эрондаги дунёдаги энг қадимги динлардан бири - Қуёшга сиғиниш ва зардуштийликка бориб тақалади. Аста-секин байрам диний хусусиятларини йўқотди ва Наврўз қишлоқ хўжалиги йилининг бошланиши ва баҳор байрами бўлиб қолди. Эронда Наврўз расман янги календарь йилнинг бошланиши ҳисобланади.
Наврўз турли халқларни бирлаштиради
Барча мамлакатларда одамлар ушбу байрамга пухта тайёргарлик кўришади: атроф тозаланади, камбағалларга садақа тарқатилади,саховат кўрсатилади, яқин қариндошларга совғалар улашилади, дастурхонга турли хил егулик ва ширинликлар пиширилади.
Барча халқлар буғдой ёки ясмиқ донларини ўстиради. Ислом дини қабул қилинишидан олдинги қадимги одатга кўра, Наврўздан олдинги бир ҳафта кунлари аждодлар руҳига бағишланган – одамлар вафот этган қариндошларини хотирлаган, келажакда уларни ҳимоя қилишни сўраб, қурбонликлар келтирган.
Баъзи жойларда йил давомида тўпланган гуноҳларни "ювиш" учун байрамдан олдинги кечада бир-бирларига сув сепиш ва оқар сув устидан сакраш одати сақланиб қолинган.
Хитойда турмуш қуриш ёшидаги қизлар байрам пайтида тиззагача дарёга тушиб, янги йилдан яхши куёв сўраб қўшиқлар куйлашади.
Илгари қрим татар қизлари наврўздан икки кун олдин фол очишга ҳозирлик кўрган, бир кўза сувга узук, сирға, маржонлар ташлаб қўйиб, эртаси куни кечаси йиғилишган, қизлардан энг кичигининг кўзи боғланиб, унга идишдаги тақинчоқларни бирма-бир чиқариб, ўйноқи тарзда опалари тақдири ва никоҳини башорат қилиш вазифаси топширилган.
Албатта, бу байрамда меҳмондорчиликка катта эътибор берилади. Байрам дастурхонида турли хил ноз-неъматлар бўлиши керак. Қоида тариқасида, бу еттита таом. Энг кенг тарқалганларидан бири сумалак (саману, саманак, соманк, сомалек).
Хитойда 7 хил маҳсулотдан тайёрланган ёвғон бўтқаси асосий байрам таоми ҳисобланади. Наврўзни нишонлаётган хитойликлар чиройли ва ёрқин кийимларни кийиб, гул олиб, ибодатхонага боришади.
Афғонистондаги байрам дастурхонида 7 хил мевадан тайёрланадиган компот, мевалар ва ёнғоқлар бўлиши керак. Байрам шарафига оиладаги ҳар бир бола учун пиширилган тухумлар турли рангларда бўялади.
Эронда 7 та таомдан иборат гўзал композиция тайёрланади, шунингдек, дастурхонда рангли тухумлар, ёниб турган шам, ойна, Қуръон китоби, Ҳофизнинг шеърлар китоби ва идишдаги сузиб юрган балиқлар қўйилади. Наврўзда “Маҳи палав”гуруч ва балиқдан анъанавий таом тайёрлаш ҳам одат тусига кирган.
Қозоғистонда Янги йил байрами қозоқ ва қирғиз ошхонасининг миллий шўрваси “Наурыз коже”ни тайёрлаш билан бошланади. Одат тусига кўра шўрва омад тимсоли ва фаровонлик рамзи ҳисобланадиган сут, гўшт, сариёғ, тариқ, маккажўхори, гуруч ва сув каби еттита асосий маҳсулотдан тайёрланади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.