Неча нафар фарзанди бўлган оила кўп болали ҳисобланади?
Илгари ўн ва ундан ортиқ фарзандни дунёга келтириб, тарбиялаётган оилаларни кўп фарзандли она (кўп болали оила), деб атардик.
Аммо ҳозир 10 нафардан ортиқ фарзанди бор оилани топиш мушкул.
Хўш, бугун неча нафар фарзанди бўлган оила кўп болали ҳисобланади?
Хотин-қизларнинг давлат ва жамоат ишларидаги фаоллиги, фарзандлар саломатлигини таъминлаш, уларни тарбиялаш ва ўқитиш билан боғлиқ вазифалар ота-оналарни “ихчам” оила ташкил этишга ундамоқда. Шу боис бўлса керак, ота-оналар икки-уч нафар фарзандли бўлишни ва уларни соғлом қилиб тарбиялашга интилмоқда.
Бундан ташқари, ишсизлик ва камбағалликнинг мавжудлиги ҳам бу борада ўз таъсирини кўрсатмоқда, албатта.
Оилаларда юзага келган бундай муносабат республика ҳукумати томонидан ўрганилиб, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 5 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 11 сентябрда маъқулланган) билан Оила кодекси 4-1-моддаси (“Кўп болали оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш”) билан тўлдирилди. Унга кўра, “Тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оиладир. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам “кўп болали оила”, деб ҳисобланади”.
Демак, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга етмаган фарзанди бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади.
Йўлдош Суюнов,
ҳуқуқшунос.