Нега Афғонистон армияси бунчалик тез яксон этилди?
«Толибон» кучларига қараганда кўпроқ сонли ва яхши техникаларга эга бўлишига қарамай, Афғонистон кучлари шармандаларча енгилди. Хўш, нега?
Келинг, бу савол атрофида ўз мулоҳазаларимизни ўртоқлашайлик.
Энг асосийси, АҚШнинг ҳарбий кўмагисиз ҳукумат назоратини ушлаб туришга қодир эмас эди. Июль ойида Оқ уйда журналист Жо Байдендан «Толибон» Афғонистонни эгаллаши муқаррарми?» деб сўрашди. Байден эса уч юз минг кишилик яхши қуролланган афғон кучлари борлигига ишора қилиб бундай эҳтимолни рад этди. Орадан бир ой ҳам ўтмади. Афғон армияси бутунлай қулади. Мамлакатнинг кўп қисмида армия «Толибон»га етарли қаршилик кўрсатолмади, кўпинча жанг қилмай таслим бўлди. Охирига келиб вилоят марказлари кутилмаган тезлик билан қўлга олинди. Ниҳоят 15 август куни Қобул ҳам эгалланди.
Нега афғон ҳарбийлари “толибон”ларни тўхтатиш учун қаттиқроқ жанг қила олмадилар? Нега АҚШнинг 83 миллиард долларлик афғон ҳарбийларини ўқитиш ва армияни технология ва қуроллар билан таъминлашга қаратилган лойиҳаси бесамар кетди?
Жангда руҳий тайёргарлик жисмоний тайёргарликка таққослаганда 10 га 1 эди
Бошқача қилиб айтганда, сўнгги йигирма йил мобайнида ҳаво кучлари, разведка, логистика, режалаштириш ва бошқа муҳим ҳарбий соҳаларда АҚШ мададига таяниб қолган афғон армиясига АҚШ кучларининг қисқа муддат ичида мамлакатни тарк этиши маълум бўлгач, армия руҳиятини йўқотиб бўлган эди. Афғон махсус кучлари офицерининг “The Washington Post”га маълум қилишича, кўплаб афғонлар Доналд Трамп маъмуриятининг 2020 йил февралда қўшинларни олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарорини «якун» сифатида қабул қилишган. Байденнинг 2021 йил сентябргача қўшинларни тўлиқ олиб чиқиб кетиш қарори эса амалда Афғонистон армиясини ҳалокатга етаклади. Мамлакатда «Толибон»дек куч турган бир пайтда армиянинг 20 йиллик таянчидан ажралиши ҳалокатли якунни англатарди. Шундай экан, Байденнинг июль ойида ҳозирги юз берган якунни кутмаганига ишониш қийин.
Шуни таъкидлаш лозимки, Байденнинг 11 сентябрга қадар қўшинларни олиб чиқиб кетиши нафақат АҚШ кучлари, балки умумий йигирма беш мингдан ортиқ иттифоқчи қўшинлар ва ҳамкор кучларни ҳам мамлакатни тарк этишини англатарди. Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда афғон ҳарбийлари мамлакат бўйлаб тарқалган постларга озиқ-овқат ва ўқ-дорилар сингари ҳаётий зарур материалларни ҳам етказиб бера олмаган.
АҚШ йигирма йил мобайнида афғон ҳарбийларига нимани ўргатди?
АҚШ доим афғон ҳарбийларини ўқитишини, доимий машғулотлар олиб боришини таъкидлаб келди. Аммо бу борада ҳам кўплаб камчиликлар кузатилган. Масалан, АҚШ фақат аскарларни ўқитишга эътибор қаратди, маҳаллий полицияни эса эътибордан четда қолдирди. Бу эса маҳаллий хавфсизлик даражасига путур етказди. Бундан ташқари, АҚШ асосан тактик пиёда аскарлик маҳоратини ўргатишга эътибор қаратиб, бошқа зарур соҳалар ҳисобланган ҳарбий бошқарув, қўмондонлик, логистика, режалаштириш кабиларни ўқитишга етарли эътибор қаратмаган (балки атайин эътибор қаратмаган).
Шунингдек, АҚШнинг ўқитиш ҳаракатларига унга боғлиқ бўлмаган факторлар, жумладан, дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири ҳисобланган Афғонистонда таълимнинг етишмаслиги ва коррупциянинг кенг тарқалганлиги тўсқинлик қилди. Яқинда “The New York Times”га интервью берган Қандаҳор полициячиларидан бири «Биз коррупцияга ботганмиз» дея таъкидлаган эди.
Яъни, маошлар ва ажратиладиган ресурсларни ўзлаштириш ниятида маҳаллий ҳарбий расмийлар афғон хавфсизлик кучларининг умумий сонини доим ошириб кўрсатишган. “The Washington Post”нинг «Афғон ҳужжатлари» лойиҳаси шуни кўрсатдики, расмий равишда Афғонистонда 352 минг хавфсизлик кучлари борлиги кўрсатилса-да, аслида рақамлар 254 мингни ташкил қилган. Маҳаллий қўмондонлар нафақат «арвоҳ аскарлар»ни яратишган, балки хизмат қилаётган аскарларнинг маошини ҳам камайтириб, керакли материалар (озиқ-овқат, қурол-яроғ)ни етказиб бера олмаган.
АҚШ Афғонистон хавфсизлигини таъминлашда фақат ўзи ишлата оладиган ва назорат қиладиган ҳарбий технологиялардан фойдаланди (ҳаво кучлари ва афғонлар ўзлари сақлай олмайдиган техникалар). Афғон кучларининг ўзлари эса бундай техникаларни ишлата олмас эди. Кўпчилик айнан шунинг учун ҳам АҚШни танқид қилмоқда. Ушбу танқид асосли, аммо АҚШ ёндашувида ҳам мантиқ бор эди: 38 миллионли халқ ва бепоён ҳудудларни ҳаво хавфсизлик кучларисиз назорат қилиш жуда қийин эди. АҚШ ва иттифоқчи қўшинлар чиқиб кетгач, афғон армияси бундай воситалардан фойдалана олмади ва армия парчаланиб кетди.
Афғон қўшинларини қаттиқроқ жанг қилмаганликда айблаш осон, аммо сўнгги йигирма йилликда 60 мингдан зиёд афғон хавфсизлик кучлари ҳалок бўлган. Бу эса АҚШнинг Афғонистонда ҳалок бўлган аскарларидан 27 баробар кўп. Шунингдек, 3 мингга яқин АҚШ қўшинлари Афғонистонда қолган пайтда ҳам, афғон ҳарбийлари мамлакат шаҳарларини назорат қилишарди.
Шундай қилиб, айнан АҚШнинг чиқиб кетиши афғон кучларининг камчиликларини шафқатсизларча очиб берди ва армиянинг қулашига олиб келди. АҚШ афғон кучларининг ҳолатини, коррупция билан боғлиқ вазиятлар, камчиликларни барчадан яхши биларди. Шундан келиб чиқиб, Байденга ҳам, бошқа АҚШ расмийларига ҳозирги ҳолатлар кутилмаган эмас. Афғон армиясини бундан-да кучлироқ ҳолда ташлаб кетиш АҚШнинг қўлидан келар эди.
“Council on Foreign Relations” манбаси асосида Тошкент давлат шарқшунослик институти 4-босқич талабаси Шохруҳ Юнусов тайёрлади.