Нега жаҳон паспортлари фақат тўрт хил рангда бўлади?

Аниқланишича, дунёдаги паспортларнинг фақат тўрт асосий ранги мавжуд бўлиб, ҳар бир мамлакатда ушбу ҳужжат муқоваси рангини танлашнинг ўзига хос сабаблари бор экан. Мабодо аэропортлардаги узун навбатлар сизни зериктириб қўйса, шунчаки ушбу мақолани эслайсиз, деган умиддамиз.

Қизил рангли паспорт

Қизил муқовали энг кенг тарқалган рангдаги паспортлар ўтмиши ёки ҳозири коммунистик даврга тегишли бўлган давлатлар томонидан танланади. Словения, Хитой, Сербия, Россия, Латвия, Руминия, Польша, Грузия фуқаролари қизил рангли китобчаларга эга. Хорватиядан ташқари Европа Иттифоқи аъзолари ҳам тўқ қизил ранг ва қизил тусдаги паспортлардан фойдаланадилар. Европа Иттифоқига киришдан манфаатдор - Туркия, Македония ва Албания каби давлатлар ҳам бир неча йил олдин паспортларини қизил рангга ўзгартирган эди. Анд миллатлари ҳамжамияти – Боливия, Колумбия, Эквадор ва Перу давлатларида ҳам қизил тўқ рангли паспортлар мавжуд.

Кўк рангли паспорт

Кўк рангли муқова “янги дунё”ни ифодалайди. Кариб денгизининг 15 давлати бу рангли паспортга эга. Жанубий Америка мамлакатлари блокидаги Бразилия, Аргентина ва Парагвай паспортининг кўк ранги ушбу давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий келишувга эга Меркосур умумий савдо иттифоқи билан бўлган алоқани англатади. Венесуэла ҳам ушбу иттифоқ аъзоси, лекин фуқароларининг паспорти қизил рангда. АҚШ паспорти фақат 1976 йилга келиб кўк рангга “бўялган”.

Яшил рангли паспорт

Аксарият мусулмон давлатлари, масалан, Марокаш, Саудия Арабистони, Покистон давлатларининг паспорти яшил рангда. Бу ранг Муҳаммад с.а.в пайғамбарнинг севимли ранги ҳисобланган, у табиат ва ҳаётнинг рамзи ҳисобланади. Буркина Фасо, Нигерия, Кот-дИвуар ва Сенегал каби Ғарбий Африка фуқаролари ҳам яшил рангнинг турли тусларидаги ҳужжатга эга бўлиб, бу уларнинг ЭКОВАС (Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти)га аъзолигини билдиради.

Қора рангли паспорт

Энг кам учрайдиган паспортлар қора қопламали паспортлардир. Булар Африкадаги Ботсвана, Замбия, Бурунди, Габон, Ангола, Чад, Конго, Малави каби айрим давлатлар фуқаролари эгаларидир. Бу ранг Янги Зеландиянинг миллий ранги ҳисобланиши боис улар ҳам қора рангли паспортга эга.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.