Нега Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш кўпаймоқда?

Ушбу масала юзасидан АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева тушунтириш берди:

«Бу саволга бир нечта жавоб бор:

1️⃣ Аҳоли орасида ниқоблар тақилмай қўйилгани — бу инфекцияни одамдан одамга юқиш учун жуда қулай шароит, яъни ҳозир кунлар иссиқ, хаво қуруқ — вируснинг ҳавода харакатланишига тўсқинлик йўқ ва у бемалол инсонларнинг юз ва қўл терисига ёки кўз шиллиқ қаватига, бурундан нафас оламиз — ҳаводаги вирус бурун шиллиқ қавватига ёки томоққа тушади ҳамда ҳужайра ичига кириб, касаллик чақиришга имконият қидиради;

2️⃣ Қўлларни совунлаб ювмай қўйдик ёки спиртли антисептиклардан фойдаланмай қўйдик — бу эса қўл терисига тушган вируснинг тозаланмаслигига, қўллар кўз, бурун ё оғизга теккизилганда вирус организмга тушади, натижада бу касаллик чақиришни янада кучайтиради;

3️⃣ Ижтимоий масофани сақламай қўйдик — яъни, жуда кўп тўй-ҳашамлар, туғилган кунлар ва одамлар тўпланиши мумкин бўлган кўнгилочар тадбирларни кўпайтириб юбормоқдамиз. Бу каби кўнгилочар тадбирларда:

● бир оила аъзоларидан ташқари бир неча оилалар ва одамлар сони 30 дан ортиб кетмоқда;

● тадбирлар ёпиқ жойларда, умумий сиғимдан 50 фоиздан ортиқ одамлар иштироки кузатилмоқда, яъни агар 100 кишилик тўйхонада тадбир бўлса, талаб бўйича 50 кишидан ортмаслиги керак, лекин бугунги кунда тўй-ҳашамларда 100-150 тадан одам иштирок этмоқда;

● бундай кўнгилочар тадбирларга ҳеч ким олдиндан ПЗР-тестини топширмайди ва келаётган меҳмонлардан тест натижаси сўралмайди;

● келаётган меҳмонларнинг тана ҳарорати ўлчанмайди;

● ниқоблар тақилмайди ва спиртли антисептиклар билан тез-тез қўллар ишлов берилмайди.

Ахир биз тўй-ҳашамларга кўнгил очиш учун борамиз, унда овқатланиш керак, бунда узоқ давом этувчи суҳбатлар ва мулоқотлар бўлади. Буларнинг ҳаммаси — коронавирус тарқалишига катта замин яратмоқда».