Нега узумни данаги билан истеъмол қилиш керак? Унда қандай фойдали моддалар бор?

Узум данакларида А, Е ва К витаминлари, табиий мойлар мавжуд бўлиб, бу моддаларнинг барчаси ҳужайраларнинг мустаҳкамланиши ва ёшартирувчи эффектга олиб келади. Шу сабабли узумни данаклари билан еган маъқулроқ, шунда у кўп фойда келтиради.

Бундан ташқари, узумда ўсимлик эстрогенлари гуруҳига кирувчи модда – ресвератол бор. У қондаги холестерин ва томирдаги яллиғланиш жараёнлари даражасини пасайтиради.

Узумда муҳим фенол бирикмалар: қаҳва кислотаси, кверсетин ва миресетин мавжуд. Бу моддалар организмни саратон ривожланишидан ҳимоялайди. Узум, шунингдек, барча тана аъзоларига яхши таъсир қилади.

Ундаги бириктирувчи тўқима овқат ҳазм қилишда ёрдам беради, минераллар эса асаб тизимига ижобий таъсирга эга. Шу билан бирга, унда инсонни тетиклаштирувчи хусусиятлар ҳам мавжуд.

Шифокорлар узумдан кунига 150-250 грамм истеъмол қилишни тавсия қилишади. Уларнинг таъкидлашича, узумнинг қорароқ турларини истеъмол қилган маъқул, чунки уларда кўпроқ антиоксидантлар сақланади.