Нигина Ўктамова Осиё ўйинларида бронза медалини олди, эндиги мақсади - 2024 йилги ёзги олимпиадада олтин медални қўлга киритиш
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX ёзги Осиё ўйинларида юксак маҳорат ва жасорат кўрсатиб, 71 та медалга сазовор бўлган спортчиларимиз кеча юртимизга қайтиб келди. Улар орасида иштихонлик боксчи Нигина Ўктамова ҳам бор. Уйига келишидан аввал биз Иштихонда бўлиб, унинг ота-онаси ва устозлари билан суҳбатлашдик.
Иштихон туманида 500 га яқин спорт иншооти мавжуд. Шундан биттаси спорт мактаби бўлиб, унда 56 нафар тренер-ўқитувчи 20 спорт тури бўйича 1476 нафар ўғил-қизга машғулот ўтмоқда. Спортчиларнинг 40 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон, Осиё, жаҳон ва халқаро чемпионатларда 951 та (284 та олтин, 290 та кумуш, 327 та бронза) медаль қўлга киритилган.
Туманда боксни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, терма жамоанинг асосий ва захира таркибидан туман спорт мактабининг 20 нафарга яқин тарбияланувчиси ўрин олган. Юртимизда бокс бўйича ёшлар ўртасида илк бор жаҳон чемпионлигини айнан иштихонлик спортчи Нигина Ўктамова қўлга киритган. У шу йилнинг 23 сентябрь - 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам бронза медалини қўлга киритди ва бу натижа билан 2024 йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган ўттиз учинчи ёзги олимпиада йўлланмасига эга бўлди.
Нигина 2003 йилда Иштихон туманининг Чинортепа маҳалласида туғилган. Иштихон спорт мактаби тарбияланувчиси. Фаолияти давомида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби бўлган. 2021 йилда “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” деб эътироф этилган ва шу йили давлатимиз раҳбари томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
- Оилада икки нафар қизимиз бор, - дейди Нигинанинг онаси Лайло Саидова. – Нигина ёшлигидан шижоатли, қўрқмас эди. Расм ва эскизлар чизишга қизиқарди. Тўғриси, бироз уришқоқлиги учун отаси билан келишиб, дастлаб каратэ тўгарагига бергандик. Икки йилга яқин ушбу спорт тури билан шуғуллангандан сўнг машғулотларга боришни истамади. Тоғаси бокс залига олиб бориб, қизиқтиргандан кейин шу спорт тўгарагига бердик.
Кейинчалик ўзининг меҳнати, шижоати билан мусобақаларга чиқди, терма жамоага қабул қилинди. Осиё чемпиони, Ўзбекистон тарихида илк жаҳон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби бўлди. Айниқса, илк марта “қизил бурчак, Нигина Ўктамова - Ўзбекистон чемпиони!” деб эълон қилинганда барчамиз қувонгандик. Қизимнинг ҳар бир жангини ҳис-ҳаяжон билан кузатиб бораман.
- Қизларимизни эрка эмас, аксинча ўғил болалар каби қўрқмас, жасур қилиб тарбиялаганмиз, - дейди Нигинанинг отаси Жасур Саидов. – Аммо қизимнинг жангларини ҳозиргача кўролмайман. Рости, мен учун бу жуда оғир ва қийин. Қизим, “Дада, чемпион бўлиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтараман, сизга машина, уй совға қиламан”, дерди. Аллоҳга шукр, ниятига етди, чемпион бўлиб, бизнинг, устозларининг ишончини оқлади. Яқинда Хитойда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ҳам бронза медалини қўлга киритди. Асосийси, ушбу натижа орқали Парижда ўтказиладиган олимпиадага йўлланма олди.
Бокс бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари, халқаро турнирлар ғолиблари иштихонлик Нигина Ўктамова, Гулсевар Ғаниева, Санобар Бозорбоева, Руҳшона Шакарова, Бахтиёр Яхшибоев каби спортчиларнинг муваффақияти Иштихон тумани спорт мактаби бокс мураббийи Азим Худойқулов номи билан боғлиқ.
- Ўн йилдан буён бокс билан шуғулланаман, тренерлик фаолиятимни бошлаганимга беш йил бўлди, - дейди Азим Худойқулов. - 100 нафардан ортиқ шогирдларим бор. Улар орасида 10 нафар Ўзбекистон чемпиони, 6 нафар Осиё ва жаҳон чемпиони ҳамда халқаро турнирлар иштирокчиси ва совриндорлари етишиб чиққан. Шогирдларим орасида Нигина Ўктамова ўзига ишончи, шижоати, машғулотларда астойдил ҳаракат қилиши ва ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиши билан ажралиб туради.
У 2018 йил спорт мактабимизга келган ва шундан буён унга тренерлик қиламан. Шу йили Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритгач, терма жамоага қабул қилинди. 2019 йил Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. 2021 йилда эса Польшада ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам зафар қозониб, мамлакатимиз тарихида илк жаҳон чемпиони бўлган боксчи қизга айланди.
Кейинчалик Нигина қитъа биринчилиги, нуфузли халқаро турнирлар ғолиб ва совриндорлари қаторидан жой олди. Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларида бронза медалини қўлга киритиб, асосий мақсади – олимпиада йўлланмасига эга бўлди. Энди 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган ўттиз учинчи ёзги олимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтирамиз ва олимпиада чемпионлигини қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.