Нима қилдим Ватан учун?
Жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида тоғни урса талқон қиладиган эркаклар “Маҳалладан нега ёрдам бўлмаяпти?”, “Қанча вақтдан бери “бола пули”ни ололмай юрганимизни биласизми?”, деган саволларни беришади. Аммо улардан “Мамлакатимизда ишсизлар учун яратилаётган имкониятлардан хабардормисиз, тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳаракат қилиб кўрдингизми, томорқадан қай даражада фойдаланяпсиз?”, деган саволларга тайинли жавоб ололмайсиз.
Тўғри, ҳар бир маҳаллада оилавий шароитини яхшилаш учун томорқада, қўшимча ажратилаётган ер майдонларида деҳқончилик қилаётган, имтиёзли кредитлардан унумли фойдаланаётган меҳнаткашлар топилади. Бироқ улар бармоқ билан санарли эканлиги ачинарлидир.
Банкдан кредит олаётганда айрим сабабларга кўра кечикиш бўлса, ижтимоий тармоқларда бонг урадиган, юқори ташкилот раҳбарларига банк ходимлари устидан қайта-қайта арз қиладиган “уддабурон”лар маблағ ажратилгач, ундан мақсадли фойдаланяптими? Кредитни қайтаришга келганда банк ходимларини сарсон қилмаяптими? Афсуски, ўша “уддабурон”лар орасида тадбиркорликни эплаёлмаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этяпти. Олинган қарзни вақтида қайтармаяпти. Ҳатто боқиб, кўпайтириш мақсадида бепул тарқатилган товуқ, ғоз ёки ўрдакларни сўйиб, еб қўйганларни учратдик.
Ойлик маоши ёки пенсияси бир кун кечикса, жиғибийрон бўладиган ёши катталар-чи? Улар солиқ, электр энергияси, газ ва бошқа коммунал тўловларини вақтида тўлаяптими? Бу ҳақида яқинларини, фарзандларини огоҳлантиряптими?
Яна бир гап, бугунги кунда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида ўтган 2021 йилнинг ноябрь, декабрь ойларида туманимизнинг чекка, дашт ҳудудлари – Урганжи ва Оқчобсой маҳаллаларида мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Бу ишлар бугун ҳам давом этяпти. Аммо мазкур хайрли тадбирларда асосан, давлат ташкилотлари ва корхоналар вакиллари иштирок этяпти. Юрт келажаги, табиат мусаффолиги, фарзандлари саломатлигини ўйлаган ҳар бир инсон “Яшил макон” лойиҳасига ҳисса қўшса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Яқинда бир тадбирда вилоят ҳокимининг “Тушунмайдиган одам йўқ, тушунтиролмайдиган раҳбарлар бор”, деган гапи эътиборимни тортди. Нафақат раҳбарлар, кўпни кўрган отахон ва онахонлар, маҳаллалардаги фаоллар бугун мудраб ётган ёшларимизни уйғонишга, оддий одамларимизни шиддат билан ривожланаётган замондан ортда қолмасликка чақириши керак.
Шавкат ЗИЯДИНОВ,
Республика маънавият тарғиботи маркази Қўшработ тумани бўлинмаси раҳбари.