Нима қилсак таълим-тарбия соҳасида кескин ўзгаришлар бўлади?

Жамият тараққиёти, миллий фаровонлик ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий ва тарихий билимларни чуқур эгаллаганлиги, юксак малакаси билан ўлчанади. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида айни шу масалаларга урғу беради: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”.

Дарҳақиқат, X-XV асрларда жаҳонга юксак даражадаги илмий-маърифий салоҳиятини намоён қилган маърифатпарвар олим ва уломаларни етиштирган давлатчилигимиз бугун илм-фан тараққиётида қуйи ўринларга тушиб қолди.

Энди нима қилсак таълим ва тарбия соҳасида кескин ўзгаришлар бўлади? Қандай жаҳон стандартлари, замонавий усул ҳамда услубларни жорий қилиш лозим? Жаҳон таълим интеграциясида Ўзбекистоннинг ўрни эртага қандай бўлади?

Мурожаатномада бу каби саволлар, муаммо ва масалаларга ечим ва таклифлар келтириб ўтилди. Бу улуғ йўлда аввало, ёшлар олдига қўйган марраларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барча учун устувор вазифа бўлиши зарурлиги таъкидланди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди.

Жумладан, ушбу йўналишда ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйиш, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий, умумбашарий қадриятлар асосида мустақил, мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари, меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлаш устувор вазифалар сифатида амалга ошириладиган бўлди.

Музаффар МАМАТҚУЛОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.