Нима учун бозорда нархлар ҳамон ўсишда давом этмоқда?
Бу фақат табиий иқтисодий омиллар билан боғлиқми ёки бунинг сунъий сабаблари ҳам борми? Тошкент давлат юридик университети «Бизнес ҳуқуқи» кафедраси мудири, Кобе университетининг (Япония) ҳуқуқ факультети докторанти Ҳусан Ражабов муаммога аниқлик киритади.
Байрамлар арафасида, муборак Рамазон ойида, шунингдек, пандемия шароитида мамлакатимизда товарлар нархининг кўтарилиши одатий ҳолга айланди. Мутахассислар нархларнинг кўтарилишини турли хил иқтисодий омиллар, масалан, талабнинг ошиши, инфляция, ишлаб чиқариш ва импортнинг қисқариши ва бошқалар билан изоҳлашмоқда. Аммо нархлар кўтарилишининг сабаби ҳар доим ҳам табиий иқтисодий омилларга боғлиқ эмас.
Маълумки, бозордаги рақобатчилар сони қанча кўп бўлса, нарх бўйича рақобат шунчалик шиддатли бўлади. Шунинг учун истеъмолчи учун рақобатнинг ижобий натижаси — бу арзонроқ нархлар. Амалиётда, бозорда бир нечта рақобатчиларнинг мавжудлиги доим ҳам арзонроқ нархларни англатмайди.
Рақобатлашишдан кўра келишиш осонроқ
Истисно бўлган озчиликдан ташқари, аксарият тадбиркорлар учун рақобат — бу ноқулай жараён. Рақобат муҳитида ўзининг бозордаги мавқеини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун тадбиркор доимий равишда ўз устида ишлашга — товар таннархини пасайтириш йўлларини излаш, ноу-хау ва маркетингни жорий этиш ва реклама қилишга мажбур бўлади. Қўпол қилиб айтганда, тадбиркор учун рақобат — бу ортиқча харажатлар, йўқотилган фойда, бош оғриғи ва машаққатли меҳнат. Шунинг учун амалиётда аксарият тадбиркорлар рақобатдан кўра ҳамкорлик (келишиб ишлаш)ни афзал кўради.
Ҳар қандай тадбиркорнинг асосий мақсади даромадни кўпайтиришдир ва бунинг учун эса у иложи борича товарини қимматроқ нархда сотиши керак. Аммо тадбиркор учун маҳсулот нархини бир томонлама кўтариш хавфли, чунки истеъмолчи маҳсулотни арзонроқ нархда таклиф этаётган рақобатчилари томонига ўтиб кетиши ва натижада тадбиркор ўз мижозларини йўқотиши мумкин.
Аммо бунинг ҳам йўли бор — нархни кўтариш масаласида рақобатчилар билан келишиш мумкин. Чунки нархларнинг кўтарилиши ҳамма учун бирдек манфаатлидир. Бундан ташқари, рақобатчилар бир вақтнинг ўзида нархни ошириши натижасида мижозларни йўқотиш хавфи минимал даражада бўлади. Чунки рақобатчилар ўртасидаги олдинги нарх фарқи сақланиб қолинади. Шу билан бирга, нарх ошишидан улар оладиган фойда энди анча юқори бўлади. Демак, тадбиркорлар ўзаро келишиб ишлаганда, уларнинг даромадлари рақобат муҳитига қараганда юқори ва барқарорроқ бўлади.
Адабиётда рақобатдан бош тортиб, рақобатчилар томонидан нархларни ўзаро келишган ҳолда белгилаш, ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича келишувлар картель келишуви (тил бириктириш) деб номланади. Рақобатчиларнинг нархларни белгилашдаги бундай ҳамкорлиги уларга «яширин» монополия каби ҳаракатланиш имконини беради. Чунки монополия исталган вақтда нархларни кўтариши ҳамда сунъий танқисликни келтириб чиқариш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартиришга қодир. Ташқаридан қараганда, истеъмолчи учун бозорда бир нечта рақобатчи тадбиркорлар фаолият кўрсатаётгандек ва улар ўртасида рақобат мавжуд бўлиб кўринади. Аммо аслида бу шунчаки рақобат иллюзияси бўлиши мумкин.
Картеллар рақобат соҳасидаги хавфли ҳуқуқбузарлик ҳисобланади, ҳатто монополиядан ҳам ёмонроқ. Чунки монополист очиқ ҳаракат қилади, картеллар эса яширинча.
Картеллар — бу бозор иқтисодиётининг ишлаш принципларини бузувчи, бозордаги мунофиқлик (иккиюзламачилик), истеъмолчиларга қарши жиноятдир. Бундан ташқари, картеллар давлат томонидан монополияларни камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар фойдаларидан истеъмолчиларни маҳрум қилиши ҳам мумкин.
Мисол учун, яқинда мамлакатимизда ўсимлик ёғи нархини пасайтириш мақсадида ўсимлик ёғи импортида ҚҚСнинг нол қийматга тенглаштирилиши ўсимлик ва пахта ёғи нархини пасайтирмаганлигининг сабабларидан бири, картел келишуви, яъни ишлаб чиқарувчилар томонидан сунъий равишда нархларни оширгани туфайли бўлгани аниқланди.
Шунингдек, автомобиль саноати соҳасида ҳам ишлаб чиқарувчилар нарх бўйича картел келишувларини содир этиш хавфи мавжудлиги учун, Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчилар сонининг кўпайиши автомобиль нархларининг пасайишига олиб келади деб тўлиқ ишонч билан айтолмаймиз.
Бундан ташқари, яқинда авиаташув хизмати бозорига хусусий авиакомпаниянинг кириб келиши натижасида ушбу соҳанинг монополиядан чиқарилиши истеъмолчилар учун кутилаётган нархларнинг пасайишига олиб келмаслиги мумкин. Чунки миллий ва хусусий компаниялар ўртасида рақобатчи четга суриб, нархларни келишган ҳолда белгилаш эҳтимоли йўқ эмас.
Картелларга қарши қонунчилик ва уларни амалга ошириш
Картель келишувлари кўплаб мамлакатларда қонун билан тақиқланган, баъзи мамлакатларда бунинг учун жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд. Ўзбекистоннинг «Рақобат тўғрисида"ги Қонуни (11-модда) хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатни чеклайдиган келишилган ҳаракатлари ва битимларини тақиқлайди ва бизда картель келишувларини тузганлик учун фақат маъмурий жавобгарлик белгиланган (МЖтКнинг 178-моддаси).
Амалий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, картеллар мавжуд бўлган бозорларда нархлар картель бўлмаган бозорларга қараганда 10−15 фоизга юқорироқ бўлади. Картеллар кўпроқ олигополистик бозорларда (2 дан 5 гача рақобатчилар бўлган бозорларда) учрайди. Чунки тадбиркорлар сонининг камлиги картеллар тузишни ва уларни ушлаб туришни осонлаштиради.
Картель келишувлари давлат харидлари бўйича тендерларда ҳам кенг тарқалган бўлиб, унда иштирокчилар нархларни ошириш бўйича келишишлари ёки ғолиблар навбатини белгилашлари мумкин. Бу эса давлат бюджетига «салмоқли» зарар етказади. Тадқиқотларга кўра, тендерлардаги картеллар натижасида тендер савдолари давлатга 20−30 фоизга қимматга тушади.
Картель келишувларини фош этиш жуда мураккаб бўлиб, уни исботлаш ундан ҳам қийин. Чунки картеллар яширинча, аксар ҳолларда оғзаки шаклда (телефон, ёзишмалар орқали, йиғилишларда ва тадбирларда) тузилади. Картеллар одатда ёзма битим шаклида тузилмайди. Сабаби, картель фош этилса, бу уларга қарши кучли далил бўлиб ҳизмат қилиши мумкин. Шунинг учун амалиётда картель келишувларини исботлаш жуда қийин.
Рақобат бўйича қонунчилик монополияга қарши органидан рақобатчилар ўртасида тузилган келишув фактини тасдиқловчи бевосита далилларни тақдим этишни талаб қилади. Картелларнинг оғзаки ва махфий тузилишини ҳисобга олинса, рақобатчилар ўртасидаги келишув мавжудлигини исботлаш ва бевосита далилларни топиш жуда қийин, баъзида ҳатто имконсиз ҳисобланади.
Ўзбекистон бозорларида картеллар мавжудми?
Мамлакат бозорларидаги картеллар сони тўғрисида маълумот йўқ. Аммо ҳеч ким бизда картеллар йўқлигини истисно эта олмайди. Монополияга қарши қўмитанинг статистик маълумотларига кўра, сўнгги йилларда картель келишувлари деярли фош этилмаган. Таққослаш учун кўшни давлатларда: Россияда 2019 йилда картеллар бўйича 424 та иш қўзғатилган, улардан 372 таси тендер савдоларига тегишли. Қозоғистонда 2018 йилда — 56 та картель келишувлари бўйича иш қўзғатилган.
Картел келишувлари ҳатто бозор иқтисодиётида ривожланган мамлакатлар учун ҳам бош оғриғи ҳисобланади. Чунки бугунги кунда картелларнинг янги тури — рақамли қартеллар (digital cartels) пайдо бўлишни бошлади.
Нима учун Ўзбекистонда картеллар фош этилмаяпти, муаммо нимада?
Бунинг бир нечта сабаблари бор:
- Монополияга қарши органнинг келишувни аниқлаш ва исботлаш учун қўшимча ваколатларга эга эмаслиги. Халқаро амалиётда бевосита ва билвосита далилларни аниқлаш учун монополияга қарши органларга қўшимча равишда суриштирув ваколатлари (IT-криминалистика, кутилмаган текширувлар, норасмий кузатув, сўроқ ва ҳоказо) берилган бўлиб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишади. Бироқ Ўзбекистоннинг монополияга қарши органлари бу каби ваколатларга ҳали эга эмас.
- Картель келишувлари учун белгиланган маъмурий жарима миқдори жуда паст: максимал жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 бараварини, яъни 2 миллион 450 минг сўмни ташкил этади. Тасаввур қилинг, картель келишувлари ёрдамида инсофсиз тадбиркорлар ноқонуний равишда миллионлаб ва миллиардлаб даромад олишади, фош этилган тақдирда эса жариманинг максимал миқдори 2,5 миллионга ҳам етмайди. Бундан ташқари, бизда картель келишувлари учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги йўқ, жарималар фақат уларнинг мансабдор шахсларига қўлланилади. Кўпгина мамлакатларда картель келишувлари учун юридик шахснинг ўзи ҳам жавобгарликка тортилади ва жарима миқдори компаниянинг картель даври учун йиллик пул айланмаси (ёки фойдаси)нинг 5−10 фоизини ташкил қилади. Шунинг учун жарималар юз миллионлаб долларни ташкил этган кейслар жуда кўп. Баъзи мамлакатларда эса, масалан, АҚШ, Германия, Японияда ҳатто жиноий жавобгарлик (озодликдан маҳрум қилишгача) ҳам кўзда тутилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, халқаро амалиётда картелларни ошкор қилишнинг энг самарали механизми — бу жавобгарликдан озод қилиш (жазони юмшатиш) дастури (leniency program) ҳисобланади.
Мазкур дастурнинг ишлаш механизми жуда оддий: масалан, монополияга қарши орган нархларнинг шубҳали синхрон ўсишини текширишни бошлайди, кейин картель иштирокчиларидан бири, фош этилишдан қўрқиб монополияга қарши органга ихтиёрий равишда мурожаат қилиб, айбини тан олади ва керакли далилларни тақдим этади.
Айбини тан олгани ва картелни ошкор қилишда ҳамкорлик қилгани учун ушбу картель аъзоси жазодан озод қилинади, қолган иштирокчилар эса тўлиқ жавобгарликка тортилади.
Мазкур дастурни Ўзбекистонда амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари 2012 йилда «Рақобат тўғрисида"ги Қонунда белгиланган эди (27-модданинг 3-қисми). Бироқ амалда қўлланишининг ҳали гувоҳи бўлганимизча йўқ. Монополияга қарши органнинг веб-сайтида ҳатто «Картель ҳақида хабар беринг» номли махсус бўлим мавжуд. Аммо ҳозиргача картель аъзоларидан бирортаси ўзаро нархни оширганлиги ҳақида хабар бермаган. Ушбу дастурнинг бизда ишламаётганлигининг сабаби — картель иштирокчиларининг монополияга қарши органга мурожаат қилишлари учун рағбатнинг (стимул) етишмаслигида.
Чунки картель иштирокчилари антимонополия органи келишув мавжудлигини исбот қилишга кучи етмаслигига ишонади ва ҳатто фош этилган тақдирда ҳам жарима арзимаган миқдорни ташкил этади.
Таҳлил ва ечимлар
Мамлакатдаги картелларни аниқлаш ҳолатини яхшилаш учун муаммонинг иккита муқобил ечимини кўриб чиқишни таклиф қиламан:
Ечим 1. Монополияга қарши органга картель келишувини аниқлаш ва исботлаш учун қўшимча ваколатлар бериш. Бироқ ҳозирги вақтда ушбу таклифни амалга ошириш қийин бўлиши ва қуйидаги тўсиқларга дуч келиши мумкин:
а) монополияга қарши орган ваколатларини кучайтириш амалдаги тадбиркорлар учун қулай шароитларни яратиш сиёсатига зид деб кўрилиши мумкин (аслида картеллар билан курашда фақат инсофсиз тадбиркорлар мўлжалга олинсада);
б) монополияга қарши орган ходимлари томонидан ваколатларни суиистеъмол қилиш хавотир мавжудлиги (бу ҳавотир истисно қилинмайди ва асосли);
с) картель келишувлари бизнес юритишнинг кенг тарқалган воситаси сифатида қўллаб келган бизнес элитанинг қаршилиги.
Ечим 2. Агар биз ушбу босқичда монополияга қарши орган ваколатларини кучайтириш ҳали мақсадга мувофиқ эмас деб топилса, унда исбот қилиш юкини картель келишувларини тузишда гумон қилинаётган тадбиркорларга юклашни таклиф қиламан.
Амалдаги қонунчиликка биноан, ҳозирда картель келишуви фактини исботлаш ва далилларни йиғиш юки тегишли ваколатларга эга бўлмаган монополияга қарши органга юклатилган. Таклифга кўра, бозорда нархларнинг синхрон ўсиши кузатилса, эндиликда монополияга қарши орган тадбиркорлар томонидан шубҳали нарх ошиши картель келишуви натижаси эмаслигини исботлашини ва нарх ошиши учун асосли индивидуал иқтисодий сабабларни кўрсатишини талаб қилиши мумкин бўлади. Агар монополияга қарши орган ёки суд тадбиркорлар томонидан келтирилган иқтисодий сабабларни асоссиз деб топса, унда нархларнинг ошиши картель келишуви деб тан олиниши мумкин.
Албатта, агар нархларнинг синхрон тарзда ошиши картель натижасида юзага келмаса, унда тадбиркор нарх ошишини асослашда қийналишмайди. Шу билан бирга, таъкидлаш керакки, агар нархларнинг синхрон ошиши – бу бозорнинг барча иштирокчиларига тенг таъсир кўрсатадиган ва тадбиркорнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ташқи омилларнинг натижаси бўлса (солиқларнинг ўсиши, товар нархларининг кўтарилиши ва бошқалар), унда нархларнинг бундай синхрон ошиши картель келишуви деб ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, картель келишувлари учун per se қоидасини қўллашни таклиф қиламан. Бу картель келишуви содир этилишининг ўзи уни ноқонуний деб тан олиш учун етарли асос бўлиши кераклигини англатади. Яъни, суд картель ҳаракатлари натижасида рақобатга етказилган зарар мавжудлигини исботлашни талаб қилмаслиги керак.
Масалан, нархлар бир ой кейин кўтарилиши тўғрисида тадбиркорлар олдиндан келишиб олишади. Аммо монополияга қарши орган ушбу картель келишувини тезкорлик билан нарх амалда ошишидан олдинроқ фош этади. Бундай ҳолда келишилган нархлар ҳали амалиётга татбиқ этилмагани ва истеъмолчиларга зарар етказишга улгурмаганига қарамай, картел келишуви фактининг ўзи жавобгарликка тортиш учун етарли асос бўлиши керак.
Ривожланаётган мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, картеллар кўпинча озиқ-овқат (шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари), соғлиқни сақлаш, транспорт, таълим, қурилиш материаллари ва ёқилғи бозорларида кўп учрайди. Масалан, картелларни аниқлаш бўйича халқаро амалиёт цемент картеллари деярли барча мамлакатларда мавжудлигини кўрсатади. Картеллар, шунингдек, ўқув қуролларининг давлат харидларида ва соғлиқни сақлашнинг хусусий секторида ҳам кенг тарқалгани кузатилган. Бундан ташқари, савдо уюшмалари тадбиркорлар ўртасида нархларни келишиб олиш ва мувофиқлаштириш учун қулай жойлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, картель келишувлар кўпинча пандемия ва инқироз шароитида тузилиши ҳам кузатилган.
Хулоса ўрнида, бозорда картель келишувлари хавфи бор экан, мамлакатда бозор иқтисодиётини шакллантириш учун монополиялар сонини камайтириш ва истеъмолчилар барқарорлигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар етарли самара бермаслигига эътиборни қаратмоқчиман. Ушбу мақолада картель келишувларининг фақат баъзи жиҳатлари ва турлари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, келишувларнинг бошқа турлари, масалан, сукунатли келишув (tacit collusion), вертикал келишувлар, сигнал картеллари (price signaling) ва бошқалар ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, картель келишувлари шунингдек, молия бозорларида ҳам учрайди. Шунинг учун картелларга қарши курашиш учун махсус ҳуқуқий ёндашув зарур. Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳаллий хусусиятларни ва Ўзбекистон бозорларидаги картел келишувларини фош қилишнинг муқобил ёндашувларини ҳисобга олган ҳолда картелларга қарши кураш бўйича алоҳида миллий концепцияни ишлаб чиқишни таклиф қиламан.