Ниқоб тикишнинг ҳам қоидалари бор
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда ниқоб тикиб, тарқатаётган тикувчилар ва улар тикаётган ниқобларнинг суратлари кўп берилмоқда. Тўғри, аксарияти савоб мақсадида ниқобни бепул тарқатаётир. Аммо...
- Айни пайтда катта эҳтиёжни ҳисобга олиб, ниқоблар тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилган, - дейди “Эко планета” тикувчилик корхонаси раҳбари Сайёра Салимова. - Аммо бу ҳолат уни оддий тикувчилик буюмлари сингари тикиш мумкинлигини англатмайди. Ниқоб тикаётган тикувчиларнинг ўзлари ҳам албатта ниқоб таққан, ўша хона дезинфекцияланган бўлиши лозим. Тикувчининг ўзи ҳам санитария талабларига риоя этиши шарт. Ниқоб бир қавати қалинроқ ва яна бири юпқа қаватли ҳимоя матосидан ташкил топиши керак.
Афсуски, ижтимоий тармоқларда ниқобсиз ишлаётган, ниқоб тикаётган аёллар суратига ҳам кўзимиз тушмоқда. Тўғри, ниқоб айни кунда кишининг энг муҳим кундалик ҳимоя воситасига айланди. Демак, унга эҳтиёж ҳам юқорилигича қолади. Савоб ниятида бу ишни бажараётганлар ҳам зарур қоидаларга амал қилган ҳолда ўз вазифасини бажаришини сўраймиз.
Г.МЎМИНОВА.