ННТларга грант маблағларини ажратиш бўйича сертификатлар топширилди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 2-тур – “Жамиятда инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда ННТлар фаоллигини ошириш” мавзусидаги ҳамда 3-тур “Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, маҳалла ва оилаларда соғлом турмуш тарзини ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда жамоатчиликни кенг жалб қилиш” мавзусидаги давлат гранти танлови ғолибларига сертификатлар топширилди.

Ҳар бири учун 30 миллион сўмлик, 2-тур танловда ғолиб бўлган 6 та, 3-турда юқори балл тўплаган 4 та, жами 10 лойиҳа учун 300 миллион сўмлик сертификатлар берилди.

- Лойиҳамизнинг мақсади оилаларда, хусусан, болалар ўртасида миллий қадриятларни кенг тарғиб қилишдан иборат, - дейди Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциациаси раҳбари Хуршида Зиёдуллаева. – Маълумки, бугунги кунда болаларнинг мобил алоқа воситаларига қизиқиши кучли. Улар қўлидаги телефон орқали менталитетимизга хос бўлмаган ўйинлар билан машғул бўлаётганини кўп учратганмиз. Биз миллийлигимиз акс этган, болаларнинг ақлини чархлашга хизмат қиладиган ўйинлар орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган тадбирларни режалаштирганмиз.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).