Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нобель мукофоти соҳибига университетнинг “Фахрий профессори” унвони берилди

Шу йилнинг 5 ноябрь куни Исроил технология университети материалшунослик ва муҳандислик кафедраси профессори, Нобель мукофоти соҳиби Дан Шехтман Самарқандга ташриф буюрди.

Мартабали меҳмон Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокимлиги ҳамда СамДУ раҳбарияти томонидан самимий кутиб олинди.

 Университет фаоллар залида профессор-ўқитувчилар, талабалар, докторант ва илмий ходимлар иштирокида Дан Шехтман билан учрашув ташкил этилди.

Дастлаб, кимё фани йирик намояндаси Дан Шехтманнинг ҳаёти, илмий изланишлари, инновацион кашфиётлари, фан оламида эришган ютуқлари хусусида сўз юритилди.

- Самарқандга илк бор ташрифимдан бениҳоя мамнунман, - деди меҳмон. – Ушбу таклиф учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга, ўзбек халқига  миннатдорлигимни билдираман. Кеча Тошкентдаги кимё-технология институтида учрашув ўтказдим. Ўзбекистонликлардан фойдали таклифлар оляпман. Айтишим мумкинки, Ўзбекистон ҳар томонлама ривожланиш йўлида дадил бормоқда. Ўзбек ёшларининг ижодкор ва тиришқоқлиги, интилувчанлигига гувоҳ бўляпман. Булар келажакда албатта, ўз мевасини беради. Ёшларга инглиз тилини ўрганишни маслаҳат берардим. Бу тил дунё эшикларини янада кенгроқ очади.

Учрашув якунида Нобель мукофоти соҳиби Дан Шехтманга СамДУ проректори Аҳмаджон Солиев университетнинг “Фахрий профессори” унвонини топширди. Меҳмон ва унинг оила аъзоларига миллий либослар ҳадя қилинди.

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.