Нобель мукофотини олган олима аёллар бор, улар сафига ўзбек хотин-қизлари ҳам қўшилиши мумкин

Мария Складовская-Кюри жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган, аёллар орасида биринчи Нобель мукофоти соҳибаси бўлган буюк олима. Унинг фаолияти аёлларнинг илм-фандаги ўрни ва нуфузини кенгайтиришда тарихий бурилиш нуқтаси бўлди.
Мария Кюри фаолиятини XIX аср охири ва XX аср бошларида, аёллар илм-фанда деярли иштирок этмаган даврда бошлади. Парижда Сорбонна университетида таҳсил олиб, уран бирикмаларидаги номаълум нурланишлар устида илмий тадқиқот олиб борди. 1898 йилда у ва турмуш ўртоғи Пьер Кюри радиоактив элементлар — полоний ва радийни кашф этдилар. Бу ишлар атом тузилиши, энергия тарқалиши ва радиоактивлик назариясига янги йўл очди.
1903 йилда Мария Кюри Нобель мукофотига сазовор бўлди. У бу мукофотни Пьер Кюри ва Анри Беккерел билан бирга, радиоактивлик борасидаги хизматлари учун олди.
Бу воқеа жаҳон ҳамжамиятида шов-шувга сабаб бўлди: илм-фан соҳасидаги бу даражадаги мукофот илк бор аёлга топширилган эди. Бу нафақат Мариянинг шахсий ютуғи, балки аёлларнинг илмдаги салоҳиятини тасдиқловчи тарихий воқеа эди.
Мария Кюри 1911 йилда кимё соҳасида иккинчи Нобель мукофотини олди. Бу гал мукофот унга радиоактив элементларни кашф этиш, уларни ажратиб олиш ва тадқиқ қилишдаги хизматлари учун берилди. Шундай қилиб, у:
• Икки Нобел мукофоти олган биринчи аёл,
• Икки хил фан йўналишида мукофот олган биринчи инсон бўлди.
Мария Кюрининг фаолияти кўплаб ёш қизларга илмга қадам қўйишда илҳом манбаи бўлди. У Париж университетида дарс берган биринчи аёл профессор сифатида юзлаб олималарга устозлик қилди. Қизи Ирен Жолио-Кюри ҳам Нобел мукофотига сазовор бўлди.
Мария Кюрининг кашфиётлари ядро физикаси, тиббий радиология, радиотерапия, онкология ва ядровий энергетика соҳаларига пойдевор бўлди. У фанни барча инсоният манфаати учун хизмат қилдиришга ишонган ва илмни ҳеч қачон шахсий бойлик манбаи деб билмаган.
Яна бир олима Мария Гёпперт-Майер — ядро физикаси соҳасидаги улкан тадқиқотлари билан машҳур бўлган немис-америкалик физик олимадир.
У 1963 йилда физика фанидан Нобель мукофотига сазовор бўлган ва бу мукофотни олган дунёдаги иккинчи аёл бўлган.
Нобел мукофотини олган учинчи аёл канадалик Донна Стрикленддир.
У 2018 йили мукофотни лазер технологияси соҳасида қўшган улкан ҳиссаси учун олди ва Нобел мукофотига сазовор бўлган учинчи аёл сифатида тарихга кирди.
Кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг таълим олишига катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 87-сонли Фармонга кўра, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда кундузги таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилмоқда, давлат ОТМларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт-тўловлари қайтариш шартисиз қоплаб берилиши белгиланган. Яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланилса, ўзини илмга бағишланган қизларимиз орасидан Нобель мукофоти совриндорлари чиқса, не ажаб.
Қиличбой ҚАРШИЕВ,
Самарқанд давлат педагогика институти ўқитувчиси,
физика фанлари номзоди, доцент.