Ногиронлиги бўлган шахслар ҳақиқатда ишга жойлаштирилганми?

Ногиронлиги бўлган шахслар таълим олиш, меҳнат қилиш, фарзандларини тарбиялаш, жамиятнинг соғлом, фаол аъзолари қаторида барча ҳақ-ҳуқуқларга эга. Ҳеч қизиқиб кўрганмисиз, ногиронлиги бўлган шахслар қандай ишга жойлашади, уларга ҳудудий бандлик бўлимлари ёрдам беряптими?

Вилоят бандлик бош бошқармасидан жорий йил бошидан буён қанча ногирон шахслар ишга жойлашгани ҳақида маълумот сўрадик. Бизга Самарқанд шаҳридан 3 нафар, Оқдарё, Ургут, Тойлоқ туманларидан 1 нафардан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишга жойлашгани ҳақида маълумот беришди. Уларнинг ҳақиқатда ишга жойлашганини билиш мақсадида улар билан телефон орқали боғланиб кўрдик.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Фарида Ҳайитова болаликдан II гуруҳ ногирони экан.

- Аввал шаҳардаги 57-махсус болалар боғчасида дефектолог-логопед вазифасида ишлардим, - деди у. – Жорий йилнинг 1 февралидан махсус боғча умумий болалар боғчасига айлантирилди. Шунинг учун иш ўринлари қисқартирилиб, ишсиз қолдим. Шаҳар бандлик бўлимига иш сўраб мурожаат қилгандим. 2 апрелдан шаҳардаги 78-МТТга дефектолог-логопед бўлиб ишга жойлашдим.

Биринчи қўнғироқ эгасидан яхши янгилик эшитдик. Сўнгра Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногирони Нилуфар Жамилова билан боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ телефонни эркак киши олди, адашиб тушибмиз. Афсуски, II гуруҳ ногирони Нозанин Абдухаметовага қилган қўнғироғимизни ҳам нотаниш қиз кўтарди.

Оқдарё туманидан II гуруҳ ногирони Дилафрўз Мардиева котиба вазифасига ишга олинган экан. Бир неча бор қўнғироқ қилдик, аммо у билан боғлана олмадик.

Ургут туманидан берилган маълумотга асосан, II гуруҳ ногирони Содиқ Алиқуловнинг телефон рақами доим бандлигидан ишламайдиган рақам берилганини фаҳмладик. 

Тойлоқ тумани Жумабозор қишлоғида яшовчи II гуруҳ ногирони Орзибек Хуррамов эса ўзи ҳақида маълумот бермаслигини, прокуратурада ишлашини айтди. Бунинг устига “Сизга телефон рақамимни ким берди?” деб дўқ урди.

Мана сизга вилоят бандлик бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларининг ногирон шахсларни иш билан таъминлаш масаласида юритаётган фаолияти. Ўтган сафар ҳам "Зарафшон" газетасида чоп этилган “Интернетдаги бўш иш ўринлари ҳақиқатда борми?” сарлавҳали мақолада эълонда берилган телефон рақамлар ишламаслиги ёки бошқанинг номида эканини айтгандик. Бу сафар ҳам худди шундай ҳолатга дуч келдик. Наҳотки, вилоят бандлик бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳалиям эскича тизимда, яъни ҳисобот учун ишлаётган бўлса?! Хўш, бундан ким манфаатдор? Жамиятми, одамларми ёки бандлик ташкилоти?

Хуршида Эрназарова.