Номзодлар биргаликда учрашув ўтказиши мумкин

Шу кунларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари ва сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқоти олиб борилмоқда.

Сайловолда ташвиқоти турли шакл ва усулларда олиб борилиши мумкин. Яъни:

- сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

- номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.

Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Шунингдек, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш имконияти мавжуд.

Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳам ташвиқотнинг кенг тарқалган усули ҳисобланади.

Учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади.

Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

Отабек ТОШНИЁЗОВ,

7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари.