Ноқонуний эгаллаб олинган сув иншооти ер майдони қайтариб олинди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Тадбиркор аёлларга куч ишлатилди. Ички ишлар ходимларининг ҳаракати қонунийми?” сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан Тойлоқ тумани ҳокимлиги расмий муносабат берди.
Унда билдирилишича, тумандаги Илмобод маҳалласида яшовчи фуқаро Л.Эштўхтаева ва З.Жўраева "Сувоқова" давлат унитар корхонаси Тойлоқ тумани филиали балансида бўлган 10 сотих ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб, атрофига узунлиги 25 метрдан иборат девор қуриб олган.
Ваҳоланки, мазкур ер майдонида ичимлик суви иншоотини қуриш бўйича Тойлоқ тумани ҳокимининг 2019 йил 18 апрелдаги 1045-сонли қарори қабул қилинган.
Ерга даъво қилаётган фуқаро Л.Эштўхтаевада ерга эгалик ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмас. Шу боисдан Кадастр палатаси Тойлоқ тумани филиали томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олган деворни ўз хоҳиши билан белгиланган муддат ичида бузиб, ўз ҳолига қайтариб қўйиш бўйича огоҳлантириш берилган.
Бироқ фуқаро огоҳлантиришларга қарамай ноқонуний қурилган деворни бузмаган.
Мазкур ер майдонига ичимлик суви минорасини қуриб, Илмобод ҳамда Бунёдкор маҳаллалари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 13 ноябрь куни вилоят ҳамда туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ иштирокида мазкур қурилма бузилиб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Бузиш жараёнига фуқаро Л.Эштўхтаева ҳамда унинг қариндошлари фаол қаршилик кўрсатган.
Жараёнда жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ИИБ ходимлари жалб қилинган.