Ноқонуний тарзда мамлакатимизга олиб кирилган 300 миллион сўмлик уяли телефонлар олиб қўйилди
Вилоят божхона бошқармаси ходимлари ва Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида юртимизга ноқонуний тарзда олиб кирилган уяли телефонларнинг олди-сотдиси билан боғлиқ ҳолат фош этилган. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар бермоқда.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида, автобус бекатида тўхтаб турган “Нексия-2” автомашинасида олдиндан кузатувга олинган шахс 2 дона қора рангли сумкалар ичига жойлаштирилган уяли телефон воситаларини сотиш мақсадида санаб турганлиги маълум бўлган.
Сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганда хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 300 млн. сўмдан ортиқ 21 турдаги 94 дона уяли телефонлар борлиги аниқланган ҳамда тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, мазкур товарлар вақтинча сақловга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.