Носоз телевизор бошқасига алмаштириб берилди
Паст Дарғом тумани Буюк Турон маҳалласида яшовчи М.Асқаров шу йил 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳри “Ёпиқ бозор” ҳудудидаги «Акмал Сам савдо» МЧЖга қарашли 1-дўкондан 1,7 миллион сўмга LG телевизорини харид қилган.
"Харидор уйига бориб яқинлари даврасида телевизорни қўйиб кўргач, экранида нуқсони борлиги аниқланган, - дейди
«Шаҳодат» истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилоти директори Учқун Амиров. - Эртаси куни телевизорни қайтариб олиб борганида дўкон эгаси ҳар хил баҳоналар билан маҳсулотни қайтариб олмаган.
Харидор бир ойлик сарсонгарчиликдан сўнг, 23 декабрь куни ташкилотимизга мурожаат қилди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун бўйича истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари белгилаб берилганлиги МЧЖ ходимларига тушунтирилди. Натижада истеъмолчи ҳуқуқи тикланиб, унинг розилиги билан маҳсулоти бошқасига алмаштирилди ва харид нархи тегишлича қайта ҳисоб-китоб қилинди".