Нурга ошиқ одам

Домлалар турфа бўлади. Кимдир дарс қолдирмайдиган интизомли талабани хуш кўради, кимдир кийиниш одобига, юриш-туришига эътибор қаратади, бошқа биров муомаласига қараб муносабатда бўлади. Ҳар қанча бағрикенгликка интилма талабаларнинг барига тенг муносабатда бўлиш мушкул савдо.

Агарда педагог талабаларга баҳолар билан, яқинлашаётган сессия мавсумлари билан пўписа қилиб, ўзининг ўлчовига сола бошладими, билингки, у сиздан қотиб қолган тизимнинг яна бир ижрочисини яcамоқчи. Лекин ора-орада талаба руҳиятидаги эркни таниб, ўша ҳурликни қадрлайдиган устозлар ҳам чиқиб қолади. Бу ўта камёб ҳодиса.

Шу жиҳатдан Акбар Нурматов ёшлардаги ўзгачаликни кўра оладиган ўзгача устоз. Шахсан бизнинг авлод учун Нурматов домла топилдиқ эди. Мийиғида кулимсираши, истеҳзоли кесатиқлари, бирор фикр ёқмаса ғижим  газет мисол юзининг тиришиб кетиши, бунинг акси бўлса юз-кўзида шумлик югуриши - бари унинг юраги очиқ, туйғулари тирик одам эканини кўрсатади.  Нимага энсаси қотди, нима уни кулгисини қистатди, бари унинг юз-кўзида мужассам. Бир актёрга асқотадиган юз ифодалари ва ишоралари бисёр қиёфа. 

У гўзаллик шайдоси. Аниқроғи, озод руҳдан чиқаётган нур гўзаллигининг шайдоси. Акбар Нурматов таълим соҳасида қанақанги катта лавозимларда ишламасин, шу хусусият уни тарк этмади. У тирик одамлигича қолди. Ўтган йиллар унинг ҳайратини ўчира олмади. Эҳтимол, ўзига четдан қараб, ўз устидан кула олгани учун ичидаги эрк ўлмагандир. На талабалик давримда, на ўқитувчилик фаолиятимда Нурматов домладек ота педагогни ҳозирча учратмадим.

Шаҳноза орқали “ота Нурматов”ни таниганман. Акбар ака факультет декани бўлган кезларда қизининг баҳоларига аралашмасди, аввало, Шаҳноза ҳам буни хоҳламаган. У истаган тақдирда ҳам отасидан қандай антиқа жавоб эшитишини биларди. Ўзи ўша даргоҳда ишлаб туриб (камида факультет декани бўлса!), фарзанди мавсумни уч баҳога ёпган педагогни ҳанузгача билмайман. Миллий университетда дарс берганимда дарсларга келмаган боласининг баҳоси билан талашган оталарни кўрганман. Ота-онаси шу ерда ишлаб туриб, паст баҳо олиши талабадан кўра баҳоловчи ўқитувчи учун уятли ҳол эди. Тизимда  шунақа кўникма шаклланган. Лекин Акбар аканинг бу борадаги йўриғи буткул бошқа. У дала гули ифорини қадрлар, қизининг иссиқхона гуллари сафида туриши домла учун кулгили эди. Шу боис боласининг қоғозларда сарғайиб кетадиган рейтинги билан эмас, бир умр ўзида қоладиган мулки билан қизиқарди.

Шаҳноза Лев Толстой публицисткаси бўйича диплом ишини ёзганда тақризчи эдим. Ўшанда Акбар ака “ҳимоя бир кунда ўтади-кетади, кейин ҳеч ким эсламайди ҳам, фақат сиздан илтимос, Шаҳнозага кўпроқ адабиётларни тавсия қилинг, унинг ўзига нимадир юқсин, муҳими шу”, деган эди. Гоҳида Шаҳноза билан “аданг ҳеч қаримайдилар-а, ёшлар билан ишлашнинг  таъсиримикан”, деб ўзимизча куламиз. Лекин бунинг жавобини ўзим биламан. Акбар Нурматов доим йўлда, у янгиликлардан қўрқмайди, оммага одобсизлик бўлиб туюлган нарсалардан жасорат топади, ёшлик бебошликларида самимият кўради. Қизиғи, бугун боболик мақомига эришган одам бола тарбияси ҳақида, оила ҳақида ҳаёт бошида турган тажрибасиз йўловчи каби эҳтиёт бўлиб мулоҳаза юритади. “Масалан, мен” ёки “менинг болам” каби ўз-ўзини ибрат таъкидларидан узоқ. Зарурат туғилганда ҳам фарзандларини киноя-кесатиқлар билан тилга олади.

Лекин бу кинояларда ҳаловат яшириниб ётганини, илдизи чуқур ришталар пинҳонлигини сезасиз. Бу каби одамлар даврасида жуда эрта “чолбола”га айланган, “ҳаётнинг тагига ети-и-иб қўйган” қаримсиқ тилингни узиб ташласам дейсан. 

Улар ёшлигини юрагида чўктирган одамлар. Эҳтимол, шунинг учун ҳам талабалар бу инсонга талпинар, унутмас... Узоқ йиллик бўлар-бўлмас қоғозлар унинг руҳига қабр бўла олмади.

Иқбол Қўшшаева.

***

Филология фанлари номзоди, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, республикамиздаги кўплаб журналистларнинг устози Акбар Нурматов 60 ёшга тўлди.

Устозни сайтимиз жамоаси номидан қутлаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.