Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нусрат Раҳмат: Чорраҳадаги болакай

Публицист, ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳмат 1941 йилнинг 3 июль куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган.

Аввал “Зарафшон” (“Ленин йўли”) газетасида, кейин “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлган. Сўнгра Тошкентга кўчиб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилган. 1975 йили “Агар табиатни севсангиз” деган илк китоби нашр этилган.

Журналист-ёзувчининг “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “Селекция мўъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар” сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоблари босилган.

“Тақдимот” шеърлар, “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами, шунингдек, “Мен мухбирман”, “Мен редакцияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари, "Жадид" романи чоп этилган.

2004 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилган.

Қуйида Нусрат Раҳматнинг таъсирли мақолаларидан бирини ўқийсиз.

***

Чорраҳадаги болакай ёхуд публицист ёзувчининг изтироб ва ўтинчлари

Сиёб бозоридан уйим томон қатнайдиган «Дамас»да унинг тўлишини кутиб ўтирган эдим. Шу пайт портфель елкалаган болакай салом бериб, кириб келди. Ҳайдовчи ундан тўнгу такаббурлик ила сўрадик:

– Пулинг борми?

У ҳам «бор» ишорасини қилиб, юз сўмликни кўрсатди.

– Кира ҳақи юз эллик сўм бўлади, – деди галварс ҳайдовчи. – Туш!

Бу ҳол дафъатан жаҳлимни чиқарди ва шофёр билан айтишиб қолдик. Шуниси аламли бўлдики, салондаги одамларнинг бирортаси тарафимни олмади. Қон босимим икки кундан кейингина ўз ҳолига тушди.

Сиз ҳам шунга менгзайдиган бир ҳолнинг гувоҳи бўлгандирсиз? Гоҳида йўл четида машина кутиб турган ўқувчилар автобус ва «Дамас» ҳайдовчиларига узоқданоқ интизорона пул кўрсатадиган бўлишибди. Акс ҳолда ўриндиқ бўш бўлса ҳам миндиришмаскан айрим қалби қасир, бедаво ҳайдовчилар. Хайф-е! Бу ўткинчи дунёда Худо ва виждон олдида бот-бот ҳисоб бериб турмоқ керак-ку, ахир!

Тағин бир нохуш ва надоматли ҳолат. Менинг икки набирам ҳар эрталаб мактабга боришда шаҳримизнинг гавжум бир чорраҳасидан ўтишга мажбур. Бизнинг эса кечгача юрагимиз зириллаб туради. Ўтган йили айнан ана шу машъум чорраҳада «Дамас» портфель елкалаган болани уриб кетганига гувоҳ бўлгандим. Ўшанда биз китоблари сочилиб кетган, ўзи эса қонга беланганича типирчилаётган норасидага қараб югурдик. Биринчи бўлиб бир рус аёли уни ердан кўтариб олди. Жабрдийда ўғлон онасини топгандай, бегона аёлни қучоқлаб, унинг елкасига бош қўйди. Ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Бир неча лаҳзадан сўнг бола бош кўтариб, бизларга қаради. Мен унинг нигоҳларидан: «нега мени бу кўйга солиб қўйдиларинг? Гуноҳим нима эди?» деган аламли ўкинчни уққандай бўлдим. Бола бу гал аёлнинг елкасига ғайритабиий бош қўйди. Аёл эса фарёд чекиб йиғлашга тушди. Бола ўлган эди!

Унутманг: бола ўлса, ўзи билан оламни олиб кетади!

Ишонинг: у бот-бот тушларимга кириб туради.

Кечир, биз – катталарни, жигарим!

Мазкур чорраҳада (бошқаларида ҳам) айниқса, ўқувчилар ўтаётган лаҳзаларда йўл ҳаракати нозирларини учратмайман. Наҳотки, уларнинг бундан-да зарурроқ юмушлари бўлса?! Уларнинг ўзлари айнан чорраҳа норасидалар кўпроқ нобуд ёхуд ногирон бўлишаётганидан нолишади-ю, амалга келганда, тариқча жонсўзлик қилишмайди. Биламан, улар ҳам болакайларни яхши кўришади, аммо яхши кўришнинг ўигина кифоя эмас эканда…

Бундан бир неча йиллар муқаддам Литвада бўлганимда, бағоят ибратли ва ҳаяжонли манзаранинг гувоҳи бўлгандим. Аллақандай давлат арбобини қўриқчилар қуршовида, сирена сигналлари билан олиб ўтаётган кортеж таққа тўхтади. Қарасам, шоҳкўчада бир бола пайдо бўлган экан. У бамайлихотир ўтиб олгунича, машиналар ҳатто, сигнал ҳам бермай туришди. Рост гап, қучиб олгим келди ўша арбобни ҳам, болакайни ҳам.

Мантиқни мададга чақиринг: ахир, кўчадан Бола ўтяпти-ку!

Болалар, кексалар, мажруҳлар меҳрга, мурувватга, мададга муҳтож ва дахлдор одамлар! Буни унутишга ҳаққимиз ҳам, ҳаддимиз ҳам йўқ!

Айнан, болакай келажакдир! Ўз келажагига нописанд бўлган миллатни тарих кечирмаган!

Фикримга қўшилинг: кейинги йилларда болаларга эътиборни оширяпмиз. Уларни нисбатан шоҳистароқ кийинтиряпмиз, номдор мактабларга ўқишга қўяяпмиз; спорт, мусиқа, чет (айниқса, инглиз) тилларига эш қиляпмиз. Уларни ашрафликка даъват этишимиз бизнинг ички маданиятимиз, маънавиятимиз бойиб бораётганидан далолатдир.

Аммо, лекин юқорида таъкидлаганим – нохуш ҳоллар ҳам анчагина. Аслини олганда, ўқувчиларни ўз манзилига бепул ва беминнат олиб борадиган бағрикенг, сахий биродарларимиз ҳам йўқ эмас. Аммо бу ҳол қачон оммалашар экан, деб изтироб чекадиган бўлганман ва бор овозда одамларга мурожаат қилгим, ҳидоятга чорлагим келиб кетади! Қайси бирам савобталаб туман ёки шаҳар ҳайдовчилари бу эзгу ташаббусни бошлаб беришаркин, деб умидвор бўламан. Шундай қилишса, эҳтимол, бу ҳол вилоят ва ҳатта, республикада ҳам оммавлашар…

Майли, буни вақт кўрсатади. Локинда ким бўлишимиздан қатъий назар, шуни ёдда тутишимиз зарурки, йўл бошида турган болакай ёши, миллатидан қатъий назар, менинг ва сизнинг жигаргўшамиздир! Ҳа, ҳа, у бегона эмас! Эртага дорилбақога рихлат қилсак, бел боғлаб, дилхун бўлиб йиғлайдиган йигитча худди ана шунинг ўзидир!

Эҳтимол, сиз ҳайдовчи эмасдирсиз, йўл назоратчиси бўлмагандирсиз. Аммо касбу корингиздан қатъий назар, чорраҳада турган болага йўл кўрсатиш, мадад бериш маънавий бурчингиздир! Зеро, келажакда унинг ким бўлиши – миллат жароҳатларининг шафқатли шифокори ёки ана шу жароҳатларга туз сепадиган бадкирдор бўлиши шунга боғлиқ!

Жигарим, қўлингни бер, елкамга опичлаб ол! Мен сени манзилга элтаман. Ишон: бу ҳолдан ўзим ҳам беҳудуд ҳаловат топаман.