Бугун шоир ва драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Душан Файзий таваллуд топган кун
Душан Файзий 1927 йил 5 февралда Қизилтепа туманида туғилган.
Самарқанд давлат университетининг филология факултетида таҳсил олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими котиби, вилоят телевидение ва радиоешиттириш қўмитаси раиси, СамДУ проректори, «Имом Бухорий» халқаро хайрия жамғармаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
«Туғилган куним», «Қалбим сеники», «Наво», «Ёр хаёли», «Онаизор», «Буюклик», «Самарқанднома», «Севгилим» каби шеърий тўпламлар нашр эттирган.
Драматург сифатида «Зарафшон қизи», «Биринчи учрашув», «Келин келди», «Қорасоч», «Ғазал ва муҳаббат», «Ўн етти ёшлилар» ва бошқа саҳна асарлари яратган.
Душан Файзийнинг «Дўстлик қўшиғи», «Асрим монологи», «Ургут қасидаси», «Темурнома» достонлари ва «Имом ал-Бухорий» шеърий романи бор.
2009 йилда вафот этган.
***
ОЙНИНГ КУМУШРАНГ ТАНГАЛАРИ
Ойнинг кумушранг тангалари
Тақдир йўлларига бирлашиб,
Анҳор мавжларига қўшилиб,
Сапчиб бораётир қирғоқлар сари.
Денгиз – сўнгсиз, уфқлар – сўнгсиз,
Қуёш ботаётир, қип-қизил алвон.
Самонинг этаги ёнмоқда, сонсиз
Парча-парча булутли осмон.
Гўёки йиртилган оқ шоҳи рўмол
Кўпикларга қўшилиб титрар беором.
Осмон гумбазида ғаройиб бир ҳол,
Тўлқинлар узраким – кумуш тўла жом.
Ойнинг кумушранг тангалари
Анҳор мавжларига қўшилиб,
Тошиб бораётир қирғоқлар сари
Тўлқинлар қатига ўзин яшириб.
АРИҚ БЎЙИДА ТУРИБМАН
Ариқ бўйида турибман, минг хаёл,
Минг хаёлда сувга термилиб.
Зилол тўлқинлар оқмоқда, эҳтимол,
Хаёлларим оқмоқда сувдай бўлиб.
Йўқ, хаёлмас, бу оби ҳаётдир,
Гоҳо мавжли, гоҳида тўлқинли.
Сокин яшамоқлик унинг-чун ётдир,
Кумуш зарраларки: ўтли, ёлқинли.
Бир маромда оқиб ўтаётир,
Жимирлаб, оқ кўпиклар таратиб.
Ўз йўлида, қайларгадир кетаётир
Ва ўтган изида ҳаёт яратиб.
Мен турибман ҳамон ариқ бўйида
Гўёки хаёлларим оқиб кетмоқда.
Сув ҳам эмас, хаёл ҳам, умр ҳам ўтмоқда,
Ариқ бўйида турибман, сувга термилиб.
Минг хаёл…
ҚАТРАЛАР
Қатралар!
Биз севган улкан ҳаётнинг
Бир бутун мазмуни сизда мужассам.
Уфқсиз, сарҳадсиз шул коинотнинг
Ипидан игнаси сизда эрур жам.
Қатралар!
Тонг маҳал гул япроғида
Мавжланар бир ёғду ичра милтираб.
Ҳижронда термилган, ер ёноғидан
Тўкилар, гўёки симобдай титраб.
Қатралар!
Ҳеч қачон этмагай инкор
Табиатнинг сўнгсиз улуғлигини.
Мен, асло, тасаввур қилмайман зинҳор,
Ҳаётнинг қатраларсиз тўлиқлигини.
Қатралар!
Бирлашиб сени соғ-омон
Меҳру муҳаббат-ла кўтарди дўстим.
Буюкликни севган, эй азиз инсон,
Жажжи қатрани ҳам унутма бир зум.