Тонг пайтида…
Бугун таниқли шоир Мамарасул Бобоев таваллуд топган кун.
М.Бобоев 1911 йил 3 апрелда Каттақўрғон шаҳрида туғилган. 1931 йилда Самарқанд педагогика академиясининг ижтимоий фанлар факультетига ўқишга киради. Шу билан бирга республика халқ хўжалигини коллективлаштириш, саводсизликни тугатиш компанияларига комсомол йўлланмаси билан сафарбар этилиб, ишга киришиб кетади.
У дастлаб Булунғур туманида ўқитувчилик қилади, кейинчалик Наманган педагогика билим юртида ва Тошкент мактабларида она тили ва адабиёт фанидан дарс беради.
1938 йилда Тошкент педагогика институтини тугатади. 1941-1946 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Кейинчалик, умрининг охиригача республика газета, журнал, нашриётлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.
«Жанубий нуқтада», «Эрон дафтари», «Садоқат ҳақида» шеърлар туркуми ва бошқа китоблари нашр этилган.
Унинг «Ёшлик чоғим — олтин чоғим», «Гўзаллик истаб» каби драмалари катта саҳналарда қўйилган. Рус (М.Лермонтов, Н.Некрасов, Т.Шевченко, Н.Тихонов, К.Симонов), татар (М.Жалил), авар (Р.Ҳамзатов) шоирлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Мамарасул Бобоев 1969 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.
***
Тонг пайтида…
Кўрганмисиз, тонг пайтида
Ғунчалар кулишини,
Сўнг ҳеч нарса бўлмагандай,
Жимгина туришини.
Шу саҳарда туморини
Энди очган ғунчалар,
Нозу фироқ ва сеҳрни
Қайдан олди бунчалар?
Ёш қизлардай уялишар,
Сир беришмас бизларга,
Ўгрилдингми, кулишади,
Қўшишади сўзларга…
Лабларига ҳали кирмай
Баҳору болнинг таъми,
Юзларидан ҳали учмай
Салқин тонгнинг шабнами,
Ел-елпинга силкинишу
Сабрсизлик, шўхликлар,
Гоҳ қаҳқаҳа, гоҳ чинқириқ,
Янграр гоҳо қўшиқлар.
Кўрганмисиз тонг пайтида
Ғунчалар кулишини,
Илк баҳорда юзин очиб
Ҳуснга тўлишини?
Билмайсизми, мен биламан
Улар нега кулишар?
Булбул куйин маъносини
Илк бор туйган билишар…
Бўтакўз
Киприкларинг нозик ва узун,
Кўзларингнинг оташи зилол.
Худди сенга ўхшаган сузгун,
Хумор кўздан менда рашк, хиёл.
Ўтганларга ташлайсан назар,
Борлиғингда шўхлик ва ҳусн.
Улар нима ўйлар, алҳазар,
Сен билмайсан, ўйлари қурсин…
Хуморимга ўхшайсан, чечак,
Кўрдим кўзинг келганда тўқнаш.
Булбул шундан қиларми “чах-чах”
Наволари навомга ўхшаш…
Жилва
Сурнай нусха намозшомгуллар
Чаман ичра кечки салқинда,
Сокингина порлайди улар
Савсар ёниб яшил ёлқинда…
Холдай кичик шу нуқта билан
Камол топган боғда бу лавҳа,
Бир ғазалки, ўқиб тўймайсан,
“Узоқ умр” – лойиқ сарлавҳа.
Лавҳадаги нафис бу жилва,
Табассумдай ёнувчи бу ранг,
Бир нигоҳки, қилади телба,
Афсус, бир шом яшайди аранг.
Эрта яна бошқа ҳар жило,
Ва ҳар лавҳа – ҳаммаси оний.
Шундан балки, гўзал, дилрабо,
Бу боғларнинг тонги, оқшоми.