Эркинжон ТУРДИМОВ: "Агар илм - иймон, бойлик - дунё истасангиз Самарқандга келинг!"

Самарқанд – мамлакатимизда ҳам тарих, ҳам бугунги ислоҳотларни жадал амалга оширишда беқиёс хизмат кўрсатаётган вилоят. Унинг маркази Самарқанд эса мўъжизавий шаҳар, дунё сайқали. Жаҳонга илм-маърифат тарқатишга беқиёс ҳисса қўшган замин. Шу боис бу ерда фан, таълим, маданият, иқтисодиёт тобора ривожланиб боряпти.

Бугун нафақат ўзбекистонлик ёки осиёликлар, балки дунёнинг ярим аҳолиси Самарқандни жуда яхши билади ва қадрлайди. Лекин бу тарихнинг биз учун фахрли бўлган жиҳатларини қайд этмоқ зарур. Хусусан, дунё имомларининг учта буюгидан икки нафари (Маҳдуми Аъзам ва Ғавсул Аъзам)нинг қадами теккан юрт. Уч диннинг пайғамбари Дониёр ҳазратларининг рамзий қабри шу ерда. Яна бир пайғамбар – Ҳазрати Довуд ҳам бу туфроққа қадам қўйган деган қарашлар мавжуд. Абу Ҳожа Тоҳирий таъкидлаганидек, «Агар илм ва иймон истасанг Маккага бор, бойлигу дунё истасанг Ҳиндистонга бор, агар иккаласини ҳам истасанг, Самарқандда қол».

Фақат бугина эмас, бугун Самарқанд замини нафақат кўнгил, ниятлар, балки назарлар ҳам покланиб қадам қўядиган жой. Иккита уйғониш даврида ҳам Самарқанд ва бу заминда камолга етган алломалар, жаҳонгир ва мутафаккирларнинг муносиб ўрни бор. Улар дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Ҳазрат Алишер Навоийнинг айнан шу ошиёнга келиб, Абулайс Самарқандийдан таҳсил олишининг ўзиёқ бу маскан не чоғлик муборак эканлигини кўрсатиб турибди.

Бугун вилоятимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, ҳар бир шаҳар ва қишлоғимизда улкан янгиланиш, ўзгаришлар жараёни кетмоқда. Бу ўзгаришлар, янгиланишлар моҳиятида эса озод ва обод Ватанимиз бағрида халқимизнинг фаровон яшаши учун имконият яратиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадлари мужассам. Қувонарлиси, ушбу эзгу мақсад йўлида самарқандликлар ҳам фидойилик кўрсатмоқда.

***

Бугун Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов туғилган кун.

Э.Турдимов 1969 йил 10 июлда Қўшработ туманида туғилган.

У 1991 йил Тошкент xалқ xўжалиги институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1991 йил “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Сирдарё филиалида бўлим бош мутаxассиси лавозимидан бошлаган.

Эркинжон Турдимов 2008 йилда бир муддат Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув xўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими, 2016-2018 йилларда Сурxондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.

Эркинжон Турдимов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.