Бугун таниқли сиёсатчи, шоир, ёзувчи ва журналист Фармон Тошев таваллуд топган кун
Фармон Тошев 1954 йил 6 апрелда Пахтачи туманидаги Қарнаб қишлоғида туғилган.
1975 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини битирган. Меҳнат фаолиятини “Пахтачи” газетасида бошлаган. Таҳририятда бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, вилоят радиосида катта муҳаррир, “Ўзбекистон овози”, “Инсон ва қонун” газеталарининг вилоятдаги мухбири вазифаларида ишлаган. “Кўксарой”, “Регистон” газеталарини ташкил этган.
1998-2012 йилларда вилоят “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, 2012 йилдан буён “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Кўп йиллар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси бўлган. “Соғинч”, “Ғазал – маъни, ғазал – санъат...” девонлари, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Мухбирлик сабоқлари”, “Мен англаган ҳақиқат”, “Сўз айтмоқ саодати”, “Йўл - Путь” каби қирққа яқин насрий ва назмий китоблар муаллифи.
“Тузоқ”, “Баҳодир Ялангтўш”, “Тазарру” драмалари саҳналаштирилган.
Фармон Тошев “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.
Айни пайтда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Қуйида 70 ёшини қаршилаган устоз ижодкорнинг ҳаётий қайдларидан намуна ўқийсиз.
------
Мактаб таълимида учта муҳим вазифани кўраман:
Биринчидан, болаларни китоб ўқишга ўргатиш орқали уларнинг умумий саводхонлик даражасини таъминлаш.
Иккинчидан, иштиёқи, иқтидори бор ўғил-қизларгагина билим ва рағбат бериш орқали уларни мутахассислик ёки касб эгаллашга йўналтириш.
Учинчидан, ёшларда ҳаётга нисбатан муносабат уйғотиш, уларда мустақил фикрлаш, яхши инсонлардан ибрат олиш кўникмасини шакллантириш.
Мактаб таълим-тарбиясидаги ана шу учта омилнинг биттаси ишламаса ҳам кутилган натижага эриша олмаймиз. Зеро, ана шу жараёнлардан ўтган болалар ҳаётда нима муҳимлигини ўзлари топиб олишади.
***
Ҳар қандай жамиятда ҳам АДАБИЁТ қолади, аммо ҳамма ижодкор унда қолмаслиги мумкин.
***
Инсоннинг айби нотўғри гапи ёки ҳаракатини ҳам айб деб тан олишни истамаганидадир.
***
Ҳатто ҳайвонларга ҳам ҳайвонларча муносабатда бўлиш инсон учун катта гуноҳдир.
***
Нафсни йўқотиб бўлмайди, уни тийиб туриш мумкин, холос.
***
Билимли, обрўли одамга ҳасад қила бошладими, демак у - ўртамиёна одам. Ўртамиёна одамга эргаша бошладими, демак, у - нодон одам.
***
Одамнинг ҳамма иллати жаҳли чиққанда кўринади.
***
Одамзод яхшилик абадий қолишини яхши билади, аммо яхши англамайди, шунинг учун ҳам баъзан ёмонликка майл беради.
***
Меҳрсиз кўз бахтни кўра олмайди, меҳрсиз қалб эса ҳаловатни сезмайди.
***
Жамият ўзининг синовлари билан инсоннинг ҳаётдаги ўрнини, қадрини белгиловчи жойдир.
***
Манман киши ерда турган бўлса ҳам ўзини бургут деб ўйлайди. Мискин эса тоғ чўққисини ҳам замин деб ҳис қилади.
***
Чашмадан лойқа сув чиқмайди.