“Қалдирғочларга бер айвонларингни”

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид таваллуд топган кун

Сирожиддин Саййид 1958 йил 30 октябрда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида таваллуд топган.

1979 йил Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган.

Шоир болалигидан достонхонлик муҳитида, эртак ва афсоналар оламида улғайган. “Хайрулланинг командаси” номли илк ҳикояси 8-синфда ўқиб юрганида республика болалар газетасида босилган. 1985 йилда чоп этилган “Руҳим харитаси” номли илк китоби ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган. 

Ўқувчилар шоирнинг “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Асрагил”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”, “Куйдим”, “Уйингдаги бешиклар”, “Ватанни ўрганиш”, “Эгаси бор юрт”, “Қалдирғочларга бер айвонларингни”, “Дил фасли”, “Буғдойбўй Ватан”, “Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди” сингари китобларини яхши билади. 

Шоирнинг шеър ва достонлари рус, туркман, украин, белорус, тожик, қозоқ ва озарбайжон тилларига таржима қилинган.

***

Сирожиддин Саййид ғазалига тахмис

 

Мен сени жонон десам, жонон сенингдек бўлмагай,

Навбаҳор, найсон десам, найсон сенингдек бўлмагай,

Бул фано дашти аро ҳеч жон сенингдек бўлмагай,

Мен сени осмон десам, осмон сенингдек бўлмагай,

Мен сени армон десам, армон сенингдек бўлмагай.

 

Тарқалур ойдек чиройинг кўркидин абру туман,

Сен каби кўрку латофат топмагай ҳеч бир чаман,

Кўз тушиб турганда ҳам соғиниб ҳажрингдаман,

Не эрур гулшан аро сарву санобар ҳам суман,

Ҳеч бири хуш қоматинг, гулгун танингдек бўлмагай.

 

Сенга боғланди, иложсиз тақдиримнинг такбири,

Ё сароб бўлгайму билмам такбиримнинг тақдири,

То ҳануз эрмас аён бу ишқ- муҳаббатнинг сири,

Бу чаманда ғунча гуллар хандасидан ҳеч бири

Ғунча лаблар баргидан сўз айтганингдек бўлмагай.

 

Кўп эрур дунёда рости, ҳар бири бўстонча гул,

Андалиб изҳорига ва чашмингга сиққонча гул,

Гарчи кўнгилдан висолинг онига борганча гул,

Настаринда оқ либос, алвон ясанмиш қанча гул,

Биттаси ҳам жонга офат сафсанингдек бўлмагай.

 

Етмайин васлингга бўлди кўзларим мотамсаро,

Андалибдек бўзлагайман настаристонлар аро,

Дилки Фармон айлаганда бул Сирожий не қаро?

Қатл этди ул нигоҳ ораста мижгонлар аро,

Икки дунё ганжи бир кўз тикканингдек бўлмагай.

 

Барча ошиқлар, аминман, бўйнима илгай тумор,

Мен каби оламда йўқдур жонфидо ҳам ишқивор,

Кел, ёруғ чеҳранг ила айла дилимни бахтиёр,

Вомиқу Фарҳоду Мажнунлар агар келса қатор,

Ҳеч бири оламда саргардон манингдек бўлмагай.

Фармон Тошев.