Ўқувчига тақиқ эмас, тарбия керак

Хуллас, ўқитувчилару ўқувчилар бир олам ўзгаришлар билан янги ўқув йилини бошлаш арафасида. Бу жараёнларга ўқитувчининг муносабати қандай, умуман, таълим тизимидаги муваффақиятли ҳамда оқсайдиган жиҳатларимиз нималардан иборат? 35 йиллик педагоглик стажига эга, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Феруза ГАФФАРОВА билан шулар ҳақида суҳбатлашдик.

– Келинг, суҳбатимизни мактаб формаси ва таълим муассасасидаги кийиниш одобидан бошласак. Таълим тизимида бу масалага ҳаддан зиёд эътибор қаратилади. Сизнинг бу борадаги фикрларингизни билмоқчи эдим.

– Мактаб формаси масаласида тизимда умумий қараганда муаммо йўқ. Аксинча, форма тақиқланса, биринчи навбатда ота-оналарнинг ўзлари бу талабни кўтариб чиқса керак. Мактабда асосан ўқувчиларнинг қимматбаҳо гаджетларни олиб келиши, бунга ота-оналарнинг йўл қўйиб бераётгани катта муаммо.

– Сиз ўз синфингизда бу муаммони бартараф этишда қандай усулни қўллайсиз?

– Ҳеч қачон "Бу мумкин эмас", "Телефонингни кўрсам, фалон қиламан", деган қўрқитув усулларини қўлламасликка интиламан. Албатта, биринчи навбатда ота-оналарни огоҳлантирамиз. Аммо шунга қарамай, қарийб ҳар бир боланинг қўлида телефон бўлади. Баъзида дарс пайти ҳам шўх болалар "Ҳозир муаллим, битта атака қилиб олай", деб қолади. Уларни уришмайман. Аксинча, "Ҳозир дарсда атака қилувчи вақт кетяпти. Ундан қуруқ қолсанг, бошқа улгуролмайсан. Телефонда эса атакага вақтинг кўп бўлади", дея кулишиб оламиз. Мавзуга, ўша бола ўйнаётган ўйинга оид нимадир мисол келтираман. Ўқувчининг телефонини сўраб оламан ва фақат ота-онаси келсагина қайтариб бераман.

– Бугунги ота-оналарнинг бола билан шуғулланишларини, мактабга муносабатини қандай баҳолайсиз?

– Бу борада мақтанарли жавоб айтолмайман. Тўғри, менинг синфимдаги 37 нафар ўқувчининг 35 нафарининг ота-онаси синф мажлисида қатнашади. Доим шундай бўлиб келган. Аммо бошқа синфда, бошқа мактабларда-чи? Гап сонда ҳам эмас, улар фарзанди билан жиддий шуғулланишига нима халақит қиляпти? Эътибор берган бўлсангиз, биз бола мактабга бордими, унинг таълим олиши, тарбиясини ҳам ўқитувчига юклаб қўямиз. Ота-она билан мактаб олиб бераётган ишда яхлитлик йўқ. Ота-оналар боланинг бўш вақтини ҳам, тарбиясини ҳам қўшқўллаб ўқитувчигами, энагагами юклаб қўйишни истаяпти. Акс ҳолда, 1-синф ўқувчисига репетитор нега керак? Қўни-қўшниларим болаларим билан шуғулланинг, деб шу ёшдаги болаларни олиб келишади. Уларга дакки бераман. Биринчи синф бола билан шуғулланиш қобилиятингиз йўқ экан, қанақа ота-онасиз? Ахир бунинг учун бор-йўғи бир соат вақтингиз кетади-ку. Ўртада меҳр, боланинг ўзига нисбатан ишончи ортади. Биз болада шу ёшданоқ эркинликни, масъулият ҳисини бўғиб қўяяпмиз. Мана шу масалада ота-онанинг тарбиядаги роли сустлашиб кетяпти, деб ўйлайман.

– Тўғриси, сиз билан суҳбатлашишга келишдан олдин жуда қаттиққўл ўқитувчи бўлсангиз керак, деб ўйлагандим. Аммо болалар билан бемалол, тенгдошлардек суҳбатингизга гувоҳ бўляпман.

– Биласизми, собиқ иттифоқ даврида мактабда таҳсил олганман. У пайти педагогикада ўқитувчига ҳурмат остида аксар ҳолларда қўрқув яширинган бўларди. Ҳатто муаллимимизга савол беришга ҳам қўрқардик. Ўша пайти мурғак қалбимда "Албатта, ўқитувчилик касбини танлайман, болаларга эса дўстона муносабатда бўламан", дея ўзимга сўз бергандим. Ва бир умр шундай ўқитувчи бўлишга интилдим. Бугун таълим-тарбияда ўзгаришлар бўлди. Аммо энг катта ўзгариш ўқитувчи билан ўқувчининг дўстона муносабатида бўлса керак.

 – Лекин барча ўқитувчилар бунга эриша олмаяпти-ку?

– Бу бир қараганда жуда осон йўлдай кўрингани билан ўзига хос машаққатлари бор. Бунинг учун болаларни яхши кўриш керак. Уларга тарбия беришда фақат тақиқни қўллаш, "Бу мумкин эмас", "Нега ундай гапирасан", "Нега бундай қиласан", дея доим уларга танбеҳ беришдан осони йўқ. Ваҳоланки, болани тарбиялаш керак, тарбиялаш эса ўз навбатида болани шахс сифатида тушуниб муомала қилишдир. Бунинг учун ўқувчи билан кўпроқ мулоқот қилиш, дарсни ҳам уларни қизиқтира олиш билан бошлаш лозим. Афсуски, айтганингиздай, ўқитувчиларнинг аксарияти ўз устида ишлашни, эркинроқ фикр билдиришни билишмайди. Ўқитувчилар учун семинар, намунали дарс маш­ғулотлари ўтишимга тўғри келади. Дарсдан сўнг уларнинг машғулот ҳақидаги фикрларини сўраганимда "Зўр бўлди, яхши дарс ўтдингиз, ўрганишимиз керак", деган жавобдан нарига ўтишмайди. Ваҳоланки, дарснинг кириш қисмидан бошлаб ўқувчиларни қизиқтириш, уларни маш­ғулотга жалб қилиш – барча-барчаси олдиндан тузилган режа асосида амалга оширилади. Ҳар бир математик амал учун ҳаётий мисолларни ўша пайти хаёлимга келгани учун айтмайман, бу ўқиб-изланишларим натижасидир. Аммо уларнинг манбасини сўраш ҳам хаёлларига келмайди.

– Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

– Афсуски, барчаси кадр масаласи билан боғлиқ бўлиб қолди. Бир неча йил давомида олий таълим тизимидаги, хусусан, кириш имтиҳонларидаги муаммолар таълим соҳасидаги кадрлар салоҳиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Олий маълумотли бўлса-да, ўз фанини билмайдиган ўқитувчилар бор. Мактабимизга келган ёш бир ўқитувчи оддий математик амалларни бажара олмай, ўқувчилардан дакки эшитиб, бу ерда ишлолмаслигини англади. Лекин қайсидир бир бошқа мактабда ўқувчиларнинг умрини беҳуда ўтказаётгандир у. Олий таълим муассасасини тугатиб, репетиторга қатнаб, кейин иш бошлаётганлар ҳақида эшитиб қоламиз. Яна бу мутахассисларнинг давлат гранти асосида ўқиганини эшитганимизда юрагим оғрийди: ахир у иқтидорли бир ўқувчининг ўрнини эгаллаб ўқиган-да!

Дарс бериш билан эмас, ўқувчиларнинг вақтини "ўлдириш" билан шуғулланаётган "ўқитувчилар" сафлари юзага кела бошлади. Бу йил тест синовларидаги адолатлилик соҳага тоза ҳаво олиб келади, деб умид қиламиз. Бунга эса яна вақт бор.

– Эшитишимча, сизнинг дарсингизга, яъни математикадай ўзлаштирилиши қийин фанга ўқувчилар байрамга келгандай келишаркан. Бу борадаги сирларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бирор бир дарс йўқки, унда ўша мавзуга оид ҳаётий мисолларни келтирмасам. Ривоят, афсона, ҳикоя, шеър, мақол – дарсимиз жараёнида улардан кўп фойдаланамиз. Ўқувчи рақамлар оламига зерикиб эмас, қизиқиб кириб олиши керак. Кейин марра ўқитувчиники. Бунинг учун эса ўзим ҳам тинмай изланишимга тўғри келади.

– Бугун таълим-тарбия тизимида сизга оғриқ берадиган жиҳатлар нималар?

– Шу пайтгача болага "икки" баҳо қўйиш ўқитувчининг айби саналди, натижада журналларда чиройли баҳолар чизилди. Имтиҳон саволларини ўқитувчи жавоби билан ўқувчига бериб, уни тайёрлата бошлади. Имтиҳон – оддий бир томошага айланди (Умуман, баҳолаш тизимида сонлардан эмас, сўз билан боғлиқ тизимни қўллаш вақти келган, назаримда). Юқорида айтганимдай, биринчи синфдан бошланган – ўқитувчи мен учун ҳаммасини қилиб беради, деган масъулиятсизлик то улар улғайгунга қадар давом этди. Хўш, бундай болада мустақил фикр, масъулиятни ҳис қилиш шаклланишига ишонасизми? Болаларда масъулият ҳисини ўзимиз йўқотяпмиз.

Бир ўқитувчи бир йилда 34 маротаба очиқ дарсга кириб, фикрларини қоғозга тушириши керак. Бу жуда кўп вақт олади, ваҳоланки, ўқитувчи ҳамкасбининг дарсига ўз ихтиёри билан ўрганиш ё ўргатиш учун кириши лозим.

Бу йил янги ўқув йилини яхши янгиликлар билан бошлаяпмиз. Хусусан, ойлик маошнинг кўтарилиши, турли йиғим-теримларнинг ман этилиши, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги каби. Ўйлайманки, ушбу чин маънодаги ўзгаришлар соҳада муносиб кадрлар ишлашига замин яратади.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Гулруҳ МЎМИНОВА

суҳбатлашди.