Ўзбекистоннинг ТОП-40 талигига киритилган лидер аёллар - Каттақўрғонда

Биринчи ўзбек ҳуқуқшунос олимаси Хадича Сулаймонова, кимёгар олима, биринчи ўзбек аёл рассоми Зарифа Саидносирова, адабиётимизнинг йирик дарғалари Зулфия Исроилова, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева, хассос шоира Ҳалима Худойбердиева, Марказий Осиёда биринчи ўзбек дирижёр аёл Дилбар Абдураҳмонова ҳақида биласизми?

Уларнинг рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Шу билан бир қаторда, бугун бошқарув идораларида раҳбарлик қилаётган Президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Феруза Маҳмудова, Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова, Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова каби бир қатор етакчи аёллар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Уларнинг бу даражага эришишига  билим ва қатъий иродаси сабаб бўлган. 

Каттақўрғон шаҳрида “Мен ҳам раҳбар бўламан” шиори остида ўтказилган хотин-қизлар форуми айнан юқорида исмлари келтирилган ва бошқа ўзбекистонлик лидер аёллар билан яқиндан танишув бўлди. Форум нафақат каттақўрғонлик фаоллар, балки қўшни туман хотин-қизларини ҳам жамлади. 

- Хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган, - деди вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари З.Раҳмонова. - Шуни тан олиб айтиш жоизки, ушбу ўзгаришлар, яратилаётган шарт-шароитлар биз, раҳбар аёллар, етакчи хотин-қизлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз, фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган уй бекалари, ҳар бир аёлнинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун биз меҳмон бўлиб турган Каттақўрғон шаҳри ва унинг ҳокими Гавҳар Алимова ҳамда у сингари яна тўрт нафар аёлнинг республикамизда ҳоким сифатида фаолият олиб бораётганлиги ҳам ушбу ислоҳотларнинг натижаси, дея айта оламан.

Тўғри, бугун мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга тизимли ёрдам кўрсатиш йўналиши анча шаклланди. Уларни касб-ҳунарга ўргатишдан тортиб, рўзғорига даромад келтириши, фарзандларини тарбиялаш билан боғлиқ масалалар ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий бир қисмига айланди. Аммо баъзида билимга чанқоқ қизларнинг биз билган сабабларга кўра ўз иқтидорини намойиш этишга имконсиз қолиши ҳолатларини кузатамиз. Шунинг учун жамиятда, оилада хотин-қизларга муносабатни ўзгартириш, уларнинг оиладаги ўрнини йўқотмаган ҳолда жамиятдаги фаоллигини қадрлаш лозим.  

Каттақўрғон шаҳрида мажуд бўлган бу каби маънавий-ижтимоий муҳит боисми бугун бу ерлик хотин-қизлар ўзларининг фаолликлари, ташаббускорликлари билан таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик йўналишида меҳнат қилиб, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшиб келяпти.

Бугун Каттақўрғон шаҳарда 96 минг нафардан ортиқ бўлган аҳолисининг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. 370 нафар хотин-қизлар бошқарув соҳасида, 14 нафари шаҳар ва вилоят кенгаши депутати, 700 нафари мактаб, 800 нафарга яқини мактабгача таълим, 63  нафар олий таълим, 1000 нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш ва бошқа турли соҳаларда фаолият юритиб келмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 100 нафар фаол хотин-қизлар захирага олинган.  

Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд давлат университети филиали ташкил этилиши азалдан илмга чанқоқ аҳолининг олимлар даврасига қизиқиш ва интилиши янада ортди. 

Анжуманда умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган юқори синф ўқувчилари, Самарқанд давлат университети талабалари томонидан Ўзбекистоннинг ТОП-40 талигига киритилган лидер аёллар фаолияти ва сиймоси гавдалантирилди.

- Қизлар тарихимизда ўтган машҳур аёллар сиймосидан тортиб, бугун ҳам заҳматли меҳнати билан жамият ҳаётига ҳисса қўшаётган олима ва лидер аёлларни гавдалантиришда анча изланишди, -  дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Шаҳло Ботирова. – Баъзилари мамлакатимизда шундай нуфузли ташкилотларни бошқараётган ёки халқаро доирада нуфузга эга олималаримиз борлигидан шу тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида танишдилар. Бу уларга ўзига хос мотивация бўлди. Каттақўрғондаги раҳбар аёллар билан мулоқот олиб борилди. Худди шундай анжуманларни таълим муассасалари доирасида ҳам ўтказишга келишиб олдик.   

Гулруҳ МЎМИНОВА.