Обуначига газеталар ўз вақтида етказиладиган бўлди

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Zarnews.uz сайтида “Обуна бўлган газетамизни почта ўз вақтида етказмаяпти” сарлавҳа билан Самарқанд шаҳридаги Сартепа масканида истиқомат қилувчи Ўринбой Норматовнинг мурожаати эълон қилинган эди.

Ушбу мурожаатга “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Самарқанд филиали директори вазифасини бажарувчи У.Мавлонов имзоси билан қуйидагича жавоб олдик:

“Ушбу мурожаат ишчи гуруҳи томонидан жойига чиқиб ўрганилганда Ўринбой Норматовнинг обуна газеталари “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали Самарқанд почта алоқа боғламасига қарашли 61-сон алоқа бўлими томонидан тўлиқ етказилганлиги, 27 октябрдаги 1 та сони 29 октябрь кунги газета билан қўшиб берилганлиги аниқланди. Мурожаатчи билан суҳбатлашиш жараёнида почта ходимларига эътирози йўқлигини маълум қилди.

Почта ходимларига келгусида газета сонларини вақтида етказиб бериш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилганлигини маълум қиламиз”.