Оддий фуқаролар ҳам Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин бўлади

Оддий фуқаролар ва юридик шахслар ҳам Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Адлия вазирлиги "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига шу ҳақда ўзгартиш ва қўшимча киритишни таклиф қилмоқда.

"...25-моддасига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилсин: биринчи қисм қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин: “Ўзларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бузилган деб ҳисобловчи жисмоний ва юридик шахслар”;

27-моддасининг биринчи қисми “адлия вазири” деган сўзлардан кейин “ўзларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бузилган деб ҳисобловчи жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг ваколатли вакиллари” деган сўзлар билан тўлдирилсин" дейилади муҳокамага қўйилган ҳужжатда.

Ҳозир қуйидагилар Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга:

  • Олий Мажлиснинг палаталари;
  • Ўзбекистон президенти;
  • Вазирлар Маҳкамаси;
  • Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);
  • Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;
  • Олий Мажлис Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;
  • Олий суд;
  • Бош прокурор.

Конституциявий суднинг камида уч нафар судьяси ташаббуси билан ҳам Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритилиши мумкин.

Конституциявий суд Ўзбекистон қонунларининг ва Олий Мажлис палаталари қарорларининг, президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.