Оддий муаллим

Аяган ҳаётнинг санчиқларидан,
Йиқилса кўтарган тўсиқларидан,
Отадек эзилган, ғуссага ботса,
Боладек қувонган ютуқларидан.
Уйқуда шогирдин ўйлаб ётган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Йўқдан Берунийни бинолар қилган,
Ҳусайнни Ибн Синолар қилган,
Машрабни машҳури дунёлар қилган.
Абдуллонинг тилин бурролар қилган,
Илон ўйнатгандек сўз ўйнатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Юзга кираман мен Худо хоҳласа,
Эҳтимол, юздан ҳам ўтарман бир кун.
Қайноқ қучоғида ҳурлар чорласа,
Ҳеч кимдан қарзим йўқ кетарман бир кун.
Бўлса ҳам, бир зотда бўлади қарзим,
Оддий муаллим у, оддий муаллим!

Муҳаммад Юсуф,

Ўзбекистон халқ шоири