Оила ажрашишди, ким айбдор?

Бу савол ҳамма даврда, ҳаммани ўйлантириб келган. Минг афсуски, жавоблари ҳам ҳар хил, яъни ҳар ким ўзини оқлайди. Ваҳоланки, оиланинг бахти, бу – жамиятнинг бахти, оиланинг муаммоси бу – жамиятнинг муаммоси. Шу сабабли давлатимиз раҳбари таклиф этаётган ғоялар ва лойиҳаларда асосий мақсад – оила ажрашишини келтириб чиқарадиган омилларга қарши курашишга бағишланган. Бу энг аввало, ёш йигит-қизларни, касбли, ҳунарли, билимли, даромад манбайига эга, рўзғор юритишга тайёр бўлиши билан боғлиқ. Иккинчи томондан эса оилада тенгликни яратиш, ҳамкорликда фикр юритиш масаласи қўйилган.

Вилоят раҳбари А.Бобоев иштирокида яқинда ўтказилган йиғилишда оилалар ажрашиши билан боғлиқ масала атрофлича муҳокама этилди. Уларнинг сабаблари очиқ-ойдин айтиб ўтилди. Жумладан, 2025 йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида туманимизда 88 та ажрим қайд қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврдагига нисбатан 29 тага кўп демакдир. Албатта, бу рақамни тўғридан-тўғри тушунмаслик керак, негаки, олдинги йиллардан қолиб келган ёки ҳал бўлмай турган ажримларга ҳам шу йил нуқта қўйганмиз. Лекин бундай рақам ҳар қандай шароитда ҳам бизни ўйлантиради. Ҳар битта ажрим учун масъулиятимиз борлигини унутмаслигимиз керак.

Бу ҳолни мен ўзимча таҳлил қилиб кўрдим. Бу ажримларнинг сабаблари битта эмас. Мисол учун, бир томондан, айрим йигит-қизлар ҳали оилага тайёр эмас. Улар ота-оналарининг таклифи ёки қистови билан турмуш қуришган. Бизнинг туманда фарзанди кўп оилалар уларнинг масъулиятидан тезроқ (ўз вақтида эмас!) «қутилиш» ҳақида ҳам ўйлаши сир эмас.

Иккинчи томондан, фарзандсизлик ҳам ажримларга сабаб бўляпти. Одатда бундай ҳолда кўпроқ иддао аёлга қаратилади, лекин бунинг сабаби иккала томонда ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун оила қуришга яқинлашган ёшларимизнинг тиббий ҳолатини ўрганиб текширтириб туриш шарт деб ҳисоблайман. Арзимаган бир эътиборсизлик дарднинг кескинлашишига, натижада эса оиланинг бузилишига олиб келади.

Хорижга бориб ишлаб келиш, яъни миграция ҳам оилалар ажрашишининг сабабларидан бири бўляпти десам, хато қилмайман. Яна ўша билимсизлик, касбнинг йўқлиги, ишга борганда асосий мақсаддан чекиниш ана шу ҳолатга олиб келяпти. Арзимаган хабарлардан, муносабатлардан эр-хотин ўртасига дарз кетяпти.

Шу ўринда бир фикрни айтиб ўтмоқчиман. Айрим мамлакатларда оила, шахс билан боғлиқ муносабатларни ошкор қилганлиги, айниқса ғайирлик сабаб ёлғон ахборотлар тарқатилиши қонун билан чекланган, жазоси ҳам оғир. Биз ҳам иккиланмасдан ана шу чоралар ҳақида ўйлашимиз керак. Негаки ижтимоий тармоқда намойиш қилинаётган хаёсизлик, ғайирлик жуда кўплаб оилалар ҳалокатига сабаб бўляпти. Баъзан бу ишни жилолаш имкони топилмаяпти. Демак, уни қонун йўли билан тўхтатишимиз зарур.

Ҳар гал эр-хотин ажрашиши ҳақида далолатномаларга имзо чекаётганда юрагим оғрийди. Айниқса, ўзим никоҳ гувоҳномасини топширган оилалар шундай ҳолатга тушганда жуда ачинаман. Баъзан тушунтириш-у насиҳатларим кор қилмайди уларга. Демак, улар ота-она томонидан ҳаётга етарлича тарбияланмаган ёки рўзғор қилишгандан сўнг ота-онаси эътиборидан четда қолган.

Албатта, бундай ҳолларга томошабин бўлиб турганимиз йўқ, қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз. Маҳалла, ички ишлар идоралари, оилалар Кенгаши билан ҳамкорликда профилактика ишларини олиб борамиз. Бироқ, ғишт қолибдан кўчгандан кейин кўнгилларини иситиш осон эмас, тарғибот ҳам кор қилмай қолади. Шундай экан, болани аввало оиланинг ўзида ҳаётга тайёрламоқ даркор. Токи улар қоқилганда довдирамайдиган, етишмовчиликда нола қилмайдиган, бири жаҳл қилганда иккинчиси сабр қиладиган даражада шакллансинлар. Айнан ана шу ҳислатларни вужудга келтириш энг аввало ота-онанинг муқаддас бурчидир.

Гулчирой ЁРҚУЛОВА,

Қўшработ туман ФХДЁ бўлими мудираси.