Ожизлик нима? У инсонни не кўйга солади?

Изоҳли луғатимизда бу сўз арабча бўлиб, жисмоний жиҳатдан кучсизлик, заифлик, бирор иш қўлидан келмаслик, нотавонлик маъносини беради, деб ёзилган. Бунга нўноқликни ҳам қўшса бўлади. Ожизона дегани эса итоаткорона ёлвориш экан.

Биз бу иборада жисмоний жиҳатдан камчилиги бор ёки ҳимояга муҳтожларни, аёлларни тасаввур этиб ўрганганмиз. Шу боис камина маънавий, яъни руҳан ожизлар, нотавонлар (форс тилида ҳеч нарса қилолмайдиган маъносини беради) ҳақида фикр юритмоқчиман.

Хўш, бундайлар қайси тоифадаги кишилар? Биз уларни қандай таниймиз?

Биринчидан, аниқ мақсад билан яшамаётганлар, қатъиятсизлар. Иккинчидан, яхши яшашга иштиёқи йўқлар, яъни “берсанг-ейман, урсанг-ўламан” дегувчилар.  Учинчидан, бирор иш қилишга ҳафсала топмаётганлар, эринчоқлар. Тўртинчидан, бирор касб-ҳунарни эгалламаганлар, на оилада, на жамиятда бирор ишни уддалай олмайдиганлар -  текинтомоқлар. Ва ниҳоят, бешинчидан, ўзини ҳимоя қила олмайдиганлар.

Тўғриси, раҳбарларнинг қабуллари ва ўзимга келган мурожаатларни кузатишда ана шу хулосага келдим.

Ожизлик нимадан пайдо бўлади ўзи? Фикримча, улар қуйидагилар:

- оилада бир кишининг гегемонлигидан;

- болага доимо оиланинг кичик аъзоси сифатида қарашдан;

- бирор масалада фарзандлар фикрини олмаслик ва фикри билан ҳисоблашмасликдан;

- ота-онанинг уйдаги ҳар бир юмушга хизматчи, уста чақиришидан;

- болаларга рўзғор юритишни ўргатмасликдан;

- болаларни олди-берди ва пул муомаласига ўргатмасликдан;

- фарзандларга ўқиш ва касб танлашда, бирор иш билан машғул бўлишда ибрат кўрсатмасликдан,  уларга бу борада мустақиллик бермасликдан.

Ота-онанинг истаги ва етагида юрган ўғил-қизлар, табиийки, ижрода бировнинг кўрсатмаси ва назоратига ўрганиб қолади. Уларда бир ишни охиригача етказиш учун қаноат, машаққат чекиш шаклланмайди. Энг ёмон кўникма бу - рўзғордаги ишларни ўзлари уддалашга ҳафсала йўқлиги.

Шу сабабли бундай оила фарзандларини касб ўрганишга озгина бўлсада, ўзига етарли даромад топишга жалб этиш мушкул. Турмуш қургач, улар яна бировнинг қўлига қараб қолишяпти, пул топиш йўлини қидиришмаяпти. Яхши маошли иш сўраб ариза ёзишгани-ёзишган. Ва... ҳаётнинг мураккаб синовларида ирода, матонат топа олмай ожизлик қилиб қолишяпти.

Ачинарлиси шундаки, бундай кишилар ўз ожизлигини англашга ҳам ожизлик қиляпти. Ўз ношудлигини ҳисобга олмасдан дуч келган идорадан аввал ёрдам сўрайди, кейин талаб қилади. Ҳаётдаги қийинчилик сабабини ўзидан излаб кўрмайди. Бундайларга дуч келган мутасаддиларга рости, баьзан раҳмим келади.

Бинобарин, аллома Сенека "Барча ожиз жонзотларга сал тегиб кетилса, уларга ургандай туюлади" деган. Фаридуддин Атторнинг айтишича, ҳатто арслонкелбат эрлар ҳам иш олдида ҳафсаласи йўқлигидан ожиз қолишади.Ожиз дўстдан душман яхшироқ экани ҳам бор гап.

Менимча, бу борада бир-биримизга ақл ўргатиб ўтириш шарт эмас. Чунки бу ҳолатни барчамиз ҳар куни кўриб, билиб турибмиз, бу ҳақда турли фикрлар билдиряпмиз. Келинг, яхшиси, ҳаммамиз ўз-ўзимизга битта савол беришни ўрганайлик: 

   -  МЕН ВА МЕНИНГ ОИЛАМ ҲАЁТДА ЎЗ ТУРМУШИМИЗ УЧУН КУРАШДА ОЖИЗЛИК ҚИЛМАЯПМИЗМИ?

Виждоннинг бу сўроғига жавобдан ҳар ким ўзига хулоса чиқаргани адолатли бўлади.

Илоҳим, ҳеч кимни ожизликка дучор этмасин... 

Фармон ТОШЕВ.