Олдин фикрлаб, кейин хулоса чиқарайлик
Ҳозирда Жиззах давлат педагогика институти тўртинчи босқич талабасиман. Бўлажак ўқитувчи сифатида баъзи мулоҳазаларни билдиришни лозим топдим.
Бахтигул Қаршиева мақоласида "...ўтган йили бошланғич синф ўқитувчисининг жазавага тушиб, ҳақоратли сўзларни айтган видеотасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалди..., 19 январь куни Facеbook фойдаланувчиси Муаззам Иброҳимова "Эри прокурор бўлган математика ўқитувчиси тумандаги мактабга ишга жойлаштирилди..., икки юздан ортиқ ўқувчи фанни ўзлаштира олмай "мол", "эшак", "ҳайвон" деган ҳақоратлар билан сийланди. ...пешонасига ручка билан "2" рақами қўйилган ўқувчилар суратлари тарқалди", деб ёзган.
Бу каби жараёнлар ўқитувчилик касбига доғ туширишини сиз билиб, биз билмай қолмаймиз, албатта. Қолаверса, ижтимой тармоқларда шов-шув бўлган, бошланғич синф ўқитувчисининг жазаваси, математика ўқитувчисининг ўқувчиларни ҳақоратлаши барчамизни қайғуга солди. Илмни елкасида тутган ўқитувчиларнинг қанчасини кўрганмиз. Ойлик маоши кам бўлса-да, бир умр шу соҳада меҳнат қилган устозларимиз жамиятда ҳамиша ўз ўрнига эга бўлган. Нега улар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилмайди? Ўқитувчиларнинг обрўйи тушишига бу каби ҳолатлар ўз таъсирини кўрсатмаяптими? Мақолада бу мисолларни келтириб, муаллиф нимани исботламоқчи?
Дилноза Аннақулованинг мақоласига ҳам бир қанча эътирозлар мавжуд. Жумладан, "...ота-она боланинг ўқиши билан мутлақо қизиқмай қўйди", дейилади мақолада. Бизнингча, ота-она сўзининг олдида "айрим" сўзи тушиб қолгандек. Ёки бизда фарзандининг ўқишига, камол топишига бефарқ ота-оналар шунчалик кўпми?
"...ўқувчиларнинг хурмача қилиқларидан ишни ташлаб кетган муаллимлар ҳам йўқ эмас". Бу билан муаллиф хурмача қилиқли ўқувчилар дастидан ишдан кетган ўқитувчилар ҳақида айтаётган бўлса керак. Хўш, қайси мактабда хурмача қилиқли ўқувчи йўқ экан? Ишдан кетган ўқитувчи шунақа мактаб қидириб юрадими? Табиб беморни даволашга мажбур. Бизнинг шарқона менталитетимизда таълим ва тарбия узвий алоқада олиб борилади.
"Эҳтимол ўша куни мактаб директори маошини пластикда бериб, комиссия баҳонасида 50 минг сўмдан нақд пул йиғиб олгандир".
Директорнинг бу қилиғидан ўқитувчининг жазавага тушиши ёки ўқувчиларини ҳақоратлаши тўғрими? Бундай ҳолат билан ўқитувчини қандай оқлай оламиз?
Хуллас, "Хулосага шошмайлик", "Ҳайвонмисан, молмисан?!", дебди дея мисоллар келтиришдан олдин бир ўйлаб кўрайлик, фикрлашайлик. Зеро, ўқитувчи, муаллим жамиятимиз гултожидир!
Абдуғаффор АБДУРАҲМОНОВ.