«Олға»ликларнинг муаммоларини ким ҳал қилиб беради?
Маҳалламиз Нуробод туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган. Бу ерда ичимлик сувининг танқислиги аҳолининг энг катта муаммоларидан бири ҳисобланади. Деярли ҳар бир хонадонда қудуқ бўлиб, унинг сувидан экинларни ва чорва молларини суғориш мумкин, аммо тахир бўлганлиги туфайли ичиб бўлмайди. Шу пайтгача ташиб келтириладиган сувни сотиб оламиз.
2020 йили маҳалламизга қўшни Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ҳудудидан 15,8 километр, қўшни Ҳазормали қишлоғига эса 5,8 километр масофага ичимлик суви тортиб келинган эди. Катта маблағ эвазига олиб келинган бу хайрли ишдан хурсанд бўлдик. Қурилиш ишлари тугагач, туман санитария- эпидемилогия ва осойишталик маркази ходимлари сувни экспертизадан ўтказиб, истеъмолга яроқли деган хулоса ҳам беришди. Маҳалладаги учта мактаб, 10-МТТ ҳамда «Олға» оилавий шифокорлик пунктига ҳам сув қувурлари тортилди.
Бироқ бу шодлигимиз узоққа бормади. Лекин бир ҳафтадан сўнг сувнинг қаттиқлик даражаси юқори эканлигидан уни ичиб бўлмаслиги маълум бўлди. Сувни ичишга яроқсиз, текширув ҳужжатлари қалбакилаштирилган бўлиши мумкин. Чунки, шўр ва тахир сувни ичган нафақат болалар, балки катталар орасида ҳам турли касалликлар, жумладан, ичоғриқ билан оғриганлар кўпая борди. Аҳоли эса уни ичишни истамай, ҳар тоннасини 80 минг сўмдан тоза, чучук сув сотиб олишга мажбур бўляпти. Одамлар бу сувдан ўз хонадонларига тортиб боришни ҳам истамаяпти.
Бундан ташқари, қишлоғимиз ўртасидан ўтган марказий кўчадан бошқа бирорта кўчага тош тўкилмаган, қишда лой, ёзда эса тупроқ кечиб юришимизга тўғри келяпти. Қирқ йил аввал қилинган асфальт аллақачон ўз фаолиятини ўтаб бўлган.
Шунингдек, маҳалламизда ҳаммом, этикдўзлик, сартарошхона, маиший техникаларни созлаш устахонаси каби энг зарур бўлган хизматлар йўқ.
Оддий дори-дармон олиш учун ёки соч олдириш учун туман марказига боришимизга тўғри келади. Телефон ёки телевизор бузилиб қолса ҳам созлатиш учун бир кун вақтимиз кетади. Йўллар ҳақида айтмасам ҳам бўлар, маҳалланинг 17 кўчасининг 12 тасига оддий тош ҳам тўкилмаган. 1960 йилларда ўрнатилган симёғочлар аллақачон ўз муддатини ўтаб бўлган. Тўғри, туман электр тармоқлари корхонаси ишчилари келиб айрим жойларга бетон устунлар ўрнатиб беришган эди. Бироқ бу етарли бўлмади. Сал шамол турса, эскирган симлар узилиб, симёғочлар қийшайиб қолади. Нимстанциялар катта босимни кўтара олмай қолган. Бир неча бор туман ҳокимлигига электр трансформаторларни янгилашни сўраб мурожаат қилганимиз бефойда. Улар фақат ваъда беришдан бошқасига ўтишмаяпти. Қишлоқ мактабларининг иккитасида спорт зали йўқ, олий маълумотли ўқитувчилар ва ўқувчилар учун синфхона, ўқув қуроллари ҳамда жиҳозлар етишмайди. Маҳаллий мутахассислар етишмаганидан 27 – умумтаълим мактабига Қашқадарёдан, 30-умумий ўрта таълим мактабига эса Фарғона вилоятидан ўқитувчилар келиб ишлашмоқда.
Бир неча бор туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, маҳалламиздаги мавжуд муаммолар, жумладан, ичимлик суви, кўчаларга тош тўкиш, эски симёғочларни алмаштириш каби масалаларда ёрдам сўраганмиз. Бироқ ҳозирча бу фақат хомхаёл бўлиб қолмоқда. Бизга шу масалаларда ёрдам бўлармикан, деб ушбу хатни ёздик.
Абдурашид Эшмирзаев,
Нуробод тумани, Олға маҳалласи.