Ўлимидан кейин танаси чиримайдиган одамлар
Шундай ҳодисалар маълум: инсон руҳий амалиётда ўзини ҳушсиз ҳолатга тушириб, йиллаб шу тарзда турган. Кимдир эса ўнлаб йиллардан кейин “қайтишни” мўлжаллаган. Ўлимдан олдин ҳушсиз ҳолат медитацияга тушиш қобилиятига эга инсон вафот этгандан сўнг ҳам танаси чиримасдан сақланар экан, деб ёзади “АиФ” (2021 й. 25-сон) россиялик олимлар тадқиқотларига асосланиб.
“75 йилдан кейин қайтаман”
Руҳий амалиёт билан ўзини ҳушсиз ҳолатга туширган одамлар тарихдан маълум. VIII-IX асрларда Японияда диний арбоб Кукай яшаган. 61 ёшида у ейиш-ичишдан воз кечиб медитацияга чўмган. 21-куни унинг нафас олиши тўхтаган. Шогирдлари уни Коя-сан тоғ чўққисига дафн этишган. Анча вақт ўтганидан кейин унинг қабрини очишган... Кукайнинг танаси тириклигида қандай бўлса, шундай сақланганди.
Шимолий Вьетнамдаги Дау будда ибодатхонаси руҳонийси Ву Ккак Минь умрининг охирида рўза тутиб, чуқур медитацияга чўмган. У шогирдларига ибодат ноғораси сўнгги марта чалинганида хабар олишларини тайинлаган. Ноғора сўнгги марта чалинганидан хабар олган шогирдлари уни ўтирган ҳолда дунёдан ўтганини кўришган ва жасадини кумушрангга бўяб ибодатхонага қўйишган. XX асрда уни рентгенда текширишганда суяклари ва ички аъзолари тириклигида қандай бўлса, шундай турганини кўришган.
Шундай ҳодиса Бурятияда ҳам рўй берган. Лама Хамбо 1911 йил мартда бурят буддистлари бошлиғи қилиб сайланган, 1927 йилда у 75 ёшга кирганида шогирдларини йиғиб: “Мен ёшимни яшадим, 30 йилдан кейин хабар олинг, танам қай ҳолатда бўларкан? 75 йилдан кейин эса ҳузурингизга қайтаман”, деган. Шундан сўнг Хамбо Лама медитация – ҳушсизлик ҳолатига чўмган. Шогирдлари кедр ёғочидан ясалган қутига уни жойлаштириб, икки метр чуқурликка кўмишган. 1955 йилда монахлар ундан хабар олишган ва қутини очиб, унинг танаси қандай бўлса, чиримасдан шундай турганлигини кўришган. Унинг бўғинлари одатдагидек ҳаракатланган, териси майинлигича турган. Хамбо-ламанинг кийимларини алмаштириб яна кўмишган.
Худди шу тадбир 1973 йилда ҳам ўтказилган. 2002 йил орадан 75 йил ўтгач, Хамбо-Лама ваъда берганидек қайтган. Жасадни қутидан олишиб, тантанали равишда Иволгин моньстирига келтиришган. У ерда унинг шарафига “Абадият қасри” барпо этилган. У ерда Хамбо-лама тириклигида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай турибди.
Т.Шомуродов тайёрлади.