Олимлар COVID-19 ни даволашда ёрдам берадиган ўсимликни кашф этишди
Шимолий Африка ва Ғарбий Осиёдаги Nigella sativa (экиладиган седана) ўсимлиги COVID-19 ни даволашда фойдали бўлиши мумкин, деб ёзади «Clinical and Experimental Pharmacology and Physiology» журнали.
Таъкидланишича, ўсимлик таркибида коровируснинг S-оқсили билан боғланувчи ва ўпка инфекцияси ривожланиши олдини олувчи тимохинон моддаси мавжуд.
"Бу модда, шунингдек, COVID-19 билан касалланган оғир беморларда пайдо бўладиган «цитокин бўрони»ни тўса олади", дейди тадқиқот муаллифи, Австралия Католик университети профессори Каниз Фотима Шад.
Мутахассислар тимохиноннинг бошқа фойдали хусусиятларини ҳам аниқлашди. Хусусан, у қон босими ва холестерин ошиши, қандли диабетни даволашда ёрдам беради. Шунингдек, ўсимлик дони олтин стафилоккокни йўқ қилишда самарали эканлиги исботланди.
Бундан ташқари, ўсимлик яллиғланишга қарши восита сифатида аллергик ринит ва синусит, экзема ва артроз билан оғриган беморларга фойдали.
Седана уруғининг доривор хусусиятларини тиббиётчи-олим Ибн Сино ҳам кўп айтган ва амалиётда кенг қўллаган. Қора седана ёғи саратон, инфекция, жигар, ошқозоности бези ва кўпгина бошқа касалликларга даво эканлиги аниқланган. Ўсимлик тана вазнини камайтириш учун ҳам қўл келади.
Хуллас, олимлар аниқлаган ушбу мўъжизавий ўсимликдаги тимохинон коронавирусни енгиш учун янги бир восита бўлса, ажаб эмас.
Г.Холдорова тайёрлади.