Олимпия ва паралимпия ўйинларига қандай тайёргарлик кўриляпти?

Вилоятда спорт соҳасини янада ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни саралаб, миллий терма жамоаларга етказиб бериш, уларнинг Олимпия, Паралимпия ҳамда халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ҳозирги кунда вилоятда 23 та олимпия, 4 та миллий, 1 та қишки ва 33 та ноолимпия спорт тури бўйича федерациялар, 1 та Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси, 2 та жисмоний тарбия ва спорт жамияти, шунингдек, 1 та спорт кенгаши фаолият юритмоқда.
Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмоновнинг таъкидлашича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 400 га яқин маҳаллий, республика ва халқаро миқёсдаги спорт тадбирлари ташкил этилган. Спортчиларимиз томонидан ушбу мусобақаларда 1360 та олтин, кумуш ва бронза медаллари қўлга киритилган. Шу билан бирга, 803 нафар спортчи Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий, 485 нафар эса захира таркибига жалб этилган.
Федерациялар рейтинги: қониқарли, ўрта, паст
– Спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида спорт федерациялари ва бўлимлар фаолияти доимий таҳлил қилиб борилмоқда, – дейди Ж.Нурмонов. – Таҳлиллар натижаси асосида улар қониқарли, ўрта ва паст тоифаларга ажратилган. Жумладан, дзюдо, эшкак эшиш, эркин ва юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, бокс ва велоспорт қониқарли, таэквондо (WTF), волейбол, баскетбол, сузиш, гандбол, оғир атлетика, камондан отиш, теннис ва бошқа спорт турлари (жами 20 та) ўрта, қиличбозлик, от спорти, техник ва ўқ отиш турлари, бадминтон ва регби спорт турлари паст тоифага киритилган.
Паст спорт турлари бўйича кўрсаткичларни яхшилаш, вилоятда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшлар ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш борасида ҳар бир ҳудуд бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, масъуллар бириктирилган.
Президентимизнинг 2025 йил 8 июлдаги қарорига мувофиқ, 2028 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликнинг устувор вазифалари белгилаб берилди. Қарорда иқтидорли спортчиларни саралаш, спортнинг устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларида лицензиялар сонини кўпайтириш ва медаллар сонини ошириш муҳим вазифа этиб белгиланган. Хўш, бу борада вилоятда амалий ишлар бошландими?
Олимпия ва паралимпия ўйинларига 59 нафар спортчи саралаб олинди
- 2028 йилда Лос-Анжелеcда ўтказиладиган XXXIV ёзги Олимпия ўйинларига вилоятимиздан 12 та спорт тури бўйича 38 нафар спортчи, XVIII Паралимпия ўйинларига 10 та спорт тури бўйича 21 нафар спортчи саралаб олинди, - дейди Ж.Нурмонов. – Вилоятимизда ушбу спортчиларнинг мусобақаларга юқори савияда тайёргарлик кўриши учун замонавий машғулот базалари мавжуд бўлиб, ҳозирда улар тренерлари билан биргаликда миллий терма жамоалар таркибида ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда мусобақаларда қатнашмоқда.
“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари ёшларга нима беради?
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш ва ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Миллий олимпия қўмитаси таркибида 14 та ҳудудий бўлим ташкил этилди. Ҳокимлар ҳудудларда Олимпия ҳаракатини ривожлантиришда Президентнинг вакиллари бўлди. Яъни, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳудудий бўлимларига ҳокимлар масъул.
Шунингдек, Президентнинг “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистонда йилда икки марта “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари ўтказиладиган бўлди.
- “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари миллий терма жамоалар учун иқтидорли ёшларни саралашда катта танлов майдони бўлиши билан бирга, юртимизда оммавий спорт тарғиботини кучайтиришга хизмат қилади, - дейди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вилоят бўлинмаси ижрочи директори Қаюм Собиров. – Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан, уч босқичдан иборат ушбу спорт ўйинларининг илк мусобақалари синов тариқасида минтақаларда ташкил этилди. Унда спортимиз келажаги бўлган 15-17 ёшли навқирон авлод вакиллари ўртасида дзюдо, бокс, таэквондо WT, оғир атлетика, юнон-рум кураши, эркин кураш, енгил атлетика, стол тенниси, бадиий гимнастика, 3х3 баскетбол йўналишларида баҳслашди. Жумладан, вилоятимизда ушбу мусобақаларда 15 минг 750 нафар ёшлар қатнашиб, 930 нафардан зиёд ёшлар мусобақанинг вилоят босқичига чиқди.
Айтиш жоизки, мусобақанинг вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган Президент олимпиадасида иштирок этади. Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади. Бунда 1-, 2-курс ўқувчиларига тегишли тартибда стипендия тўланади.
Спортчиларимиз нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этади
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг август ойида Хитойнинг Чинду шаҳри Бутунжаҳон ўйинларига, Озорбайжоннинг Ганджа шаҳри МДҲ ўйинларига мезбонлик қилади. 17-24 август кунлари Самарқанд эшкак эшиш каналида триатлон бўйича “Challenge Samarkand-2025” халқаро мусобақаси ҳамда ҳарбийлар ўртасида 25-жаҳон чемпионати ўтказилади. Октябрь ойида Манама шаҳрида (Бахрайн) ёшлар ўртасида Осиё ўйинлари, Бразилияда БРИКС ўйинлари, ноябрда Ар-Риёд шаҳрида (Саудия Арабистони) Ислом бирдамлик ўйинлари бўлиб ўтади.
17-24 август кунлари спорт курашлари бўйича Болгариянинг Самоков шаҳрида бўлиб ўтадиган 17-23 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига вилоятимиздан якка кураш бўйича Фаёзбек Эшмирзаев, эркин курашдан Шерзод Поёнов иштирок этади. Шунингдек, 28 август–10 сентябрь кунлари Таиладнинг Бангкок шаҳрида ёшлар ва аёллар ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионатига боксчи-қизларимиздан Гулсевар Ғаниева, Мафтуна Мусурмонова, Севара Маматова рингга чиқади.
Сентябрь ойида эса Ангилияда бокс бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Нигина Ўктамова ҳамда Ситора Турдибекова юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Оғир атлетикачимиз Шарофиддин Амриддинов октябрь ойида Норвегияда ташкил этиладиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, ноябрда Саудия Арабистонида Ислом бирдамлиги ўйинларида қатнашади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.