Олис ҳудудларга 66 та банкомат ўрнатилди

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳолига янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан марказдан олис бўлган ҳудудларга ҳам босқичма-босқич банкоматлар ўрнатилмоқда.

Бугунга қадар вилоятимиз бўйича 500 дан ортиқ “HUMO” ва  “UZCARD” тўлов тизимида ишловчи банкоматлар ўрнатилди.

Мисол учун, Каттақўрғон шаҳри марказидан олисда жойлашган аҳолига енгиллик яратиш учун бошқармамиз ходимлари ва Халқ банки Каттақўрғон филиали билан ҳамкорликда Ингичка қўрғонида банк филиалига қарашли мини-банк биносига “HUMO” тўлов тизимида ишловчи банкомат ўрнатилди.

Шунингдек, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида 6, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пайариқ туманларида 5, Иштихон, Оқдарё, Ургут, Нуробод ва Пахтачи туманларида 4, Каттақўрғон шаҳри, Қўшработ ва Тойлоқ туманларида 3 тадан, жами 66 та қўшимча банкоматлар ўрнатилди ва яна 28 та банкоматни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Фурқат Аҳмедов,

Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси нақд пул муомаласини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи.