Олий таълим муассасалари қабул квоталарини мустақил белгилаши керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Янги йилдан олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга қаратилган ишлар янада кучайтириладиган бўлди. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги икки йилда 15 фоиздан ошди. Лекин бу ҳали етарли эмаслиги, чунки ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 60-70 фоизни ташкил этиши қайд этилди.

Дарҳақиқат, ҳали бизда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси жуда паст. Бунинг учун олий ўқув юртларини кенгайтириш, уларнинг сонини ошириш, соҳага малакали кадрларни жалб этиш лозим. Шунингдек, Мурожаатномада таъкидланганидек, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириш бу соҳасида рақобатни кучайтириши, шубҳасиз.

Институтимиз ўтган йили республикада 10 та олий таълим муассасаси қаторида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтганди. Хорижда ўзини ўзи молиялаштирадиган олий таълим муассасалари қабул квоталарини мустақил ўзи белгилайди. Бизда ҳам шундай тартиб жорий этилса, нур устига аъло нур бўларди.

Бундан ташқари, бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишни давом эттириш имкониятларининг кенгайтирилиши ҳам айнан чет тиллар соҳасида таҳсил олаётган ёшларга қўл келади.

Бундай имкониятлар ҳаётга татбиқ этилса, республикамизда етук ва малакали кадрлар тайёрланади.

Илҳом ТЎХТАСИНОВ,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.