Олий таълимда инклюзивлик - имкон ва эшиклар ҳаммага очиқ

Инклюзив таълим – бу имконияти чекланган шахсларнинг таълимнинг барча босқичларида тенг ҳуқуқли иштирокини таъминловчи ёндашувдир. Бу тизимда ногиронлиги бўлган ёшлар алоҳида эмас, балки умумий ўқув жараёнининг ажралмас қисми сифатида қаралади. Фарқ қилиш – бу тўсиқ эмас, аксинча ўрганиш, бағрикенглик ва ривожланиш манбаи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида инклюзив таълимни жорий қилиш борасида сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун, 2020 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификацияси, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси – 2026 йилда инклюзив таълим алоҳида йўналиш сифатида белгилангани бу борадаги эътиборни оширган муҳим ҳуқуқий асослардандир.

Ўзбекистондаги кўплаб олий таълим муассасалари қатори Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам инклюзив таълимни жорий қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ҳозирги кунда институтда 108 нафар ногиронлиги бўлган талаба таҳсил олмоқда. Улардан 12 нафари I гуруҳ ногиронлигига эга бўлган талабалар бўлса, 96 нафари эса II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёшлар ҳисобланади. Бу талабалар умумий таълим жараёнига интеграциялашган бўлиб, улар учун зарурий шароитлар яратиш йўлида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Инклюзив таълим самарадорлигини оширишда муҳим омиллардан бири бу – ўқитувчиларнинг тайёргарлиги. Шу мақсадда жорий йилнинг январь ойида олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасарруфидаги Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти томонидан махсус “Олий таълимда инклюзив таълимни ташкил этиш асослари” курслари ташкил этилди.

Мазкур курсларда Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари фаол иштирок этиб, инклюзив таълимнинг замонавий методикаси, ёндашувлари ва психопедагогик асослари бўйича билимларини оширдилар. Курс якунида деярли барча иштирокчилар муваффақиятли сертификатларни қўлга киритиб, эндиликда дарс жараёнларида ногиронлиги бўлган талабалар билан ишлашда юқори даражада малакага эга бўлиб чиқишди.

Бугунги кунда таълимда тенглик ва очиқлик – демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Инклюзив таълим нафақат ногиронлиги бўлган талабалар учун, балки бутун таълим тизими ва жамият маданияти учун муҳим қадриятдир. Ҳар бир инсоннинг ўқиш, ривожланиш ва жамиятда ўз ўрнини топиш ҳуқуқига эга экани – амалиётда ҳам ўз аксини топмоғи керак.
Инклюзив таълим – бу алоҳида бир ихтисослашган тизим эмас, балки бутун таълим тизимининг интеграциялашган ва адолатли моделидир. Институтда амалга оширилаётган ишлар бу борада намунавий йўл бўлиб хизмат қилмоқда. Келгусида бу тажрибани бошқа олий таълим муассасаларига ҳам кенг жорий этиш инклюзив жамият сари қўйилган муҳим қадам бўлади.

Умида Рўзиева,
Самарқанд давлат чет тиллар институти Нарпай хорижий тиллар факультети ўқитувчиси.