Олий ва ўрта махсус таълим вазири: "Бугун кечагидай ишлаб бўлмайди, олий ўқув юртларимиз халқаро рейтингларда ўрин олиши керак"
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов СамДУда бўлди.
Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов вазирни университетда амалга оширилаётган янги истиқболли лойиҳалар ва қурилиш объектлари билан таништирди. Биология факультетидаги янги лаборатория, тарих факультети ёнида қурилаётган 1500 ўринли аудиториялар биноси, шунингдек, педагогика факультетида қурилиши режалаштирилган ўқув-бинолари лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
2021 йил 1 сентябрдан фаолият бошлаши кутилаётган университет тузилмасидаги физика соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи Самарқанд давлат университети муҳандислик физикаси институтининг келажак истиқболлари ҳамда университетнинг Ўзбекистон-Финландия педагогика институтини ташкил этиш лойиҳалари кўриб чиқилди.
Вазир биология факультетининг ўқув-илмий музейига ташриф буюриб, у ерда жойлашган экспонатларни ҳам кўздан кечирди.
- Бугун кечагидай ишлаб бўлмайди, - деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов. - Бугуннинг ўз талаблари бор. Олий ўқув юртларимиз халқаро рейтинглардан ўрин олиши керак. Илм-фанимиз жаҳон илм-фанига интеграциялашиши зарур. Жумладан, Самарқанд давлат университети республикамиздаги барча олий таълим тизимига ўрнак ва намуна бўлиши лозим.
Отабек Саъдуллаев,
Шавкат Акрамов (фото).