“Олов билан ўйнашяпсиз”: Европанинг энг йирик ядровий иншоотида яна портлашлар бўляпти
Шанба ва якшанба кунлари Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запорожье атом электр станциясида яна портлашлар янгради. Бу ҳақда якшанба куни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) маълум қилди.
Таъкидлашича, МАГАТЭ экспертлари воқеа жойида Европадаги энг йирик ядровий иншоот яқинида ва унинг ичида ўнлаб тўқнашувлар ҳақида хабар берган. Атом энергияси агентлиги мутахассислари ўз кўзи билан портлашларни кўришганини маълум қилган.
Объект раҳбарияти баъзи бино, тизим ва жиҳозларга зарар етказилганлигини маълум қилди. Ҳозирча бу ядро хавфсизлигига таъсир қилмаган. Жароҳатланганлар йўқ.
Охирги ойларда атом электр станцияси шиддатли жанглар пайтида бир неча бор ўққа тутилган. Украина ва Россия бир-бирини террорчилик ҳаракатларида айбламоқда. "Бунинг ортида ким бўлса, уни дарҳол тўхтатиш керак", деб талаб қилди МАГАТЭ раҳбари Гросси. "Мен қайта-қайта айтганимдек: «сиз олов билан ўйнашяпсиз".
«Шанба ва якшанба кунги ҳодисалар босиб олинган атом электр станциясидаги нисбатан хотиржамлик даврини бирданига тугатди», деди Рафаэл Гросси. У яна бир бор иккала томонни объект атрофида ҳужум ва жанговар ҳаракатлар олдини оладиган хавфсизлик зонасини яратишга чақирди.
Афсуски, бу борада ҳар икки томон билан олиб борилган интенсив музокаралар натижа бергани йўқ.