Оловли жумбоқ таъқиби
Ольга Васильевна Пенизова Москва яқинида Фрязинада яшайди. Умри давомида у шар чақмоқ билан уч марта тўқнаш келган.
Бу аёл кўп йиллар заводда токар бўлиб ишлаган. Ҳозир пенсияда. Ольга Васильевна илк бор шар чақмоққа болалигида, 13 ёшида дуч келганди. Ўшанда ота-онаси билан Уралда яшар, колхозда ишларди. Август эди, оқшом тушарди, ҳаво очиқ эди.
Ольга хода устида ўтириб китоб ўқир, ўқтин-ўқтин боқаётган бузоғига қараб қўярди. Бузоғини уйга ҳайдамоқчи бўлиб турганида тўсатдан ҳавода муаллақ турган ёрқин доғни кўрди. Учоқ ловуллар, гоҳ ғойиб бўларди. Кутилмаганда доғ унга қараб ҳаракатлана бошлади. Қўрқиб кетган қиз кафтлари билан юзини яширишга зўрға улгурди. Шар чўғдек қизиган ҳаво уфуриб ёнида пайдо бўлди. Беш дақиқача қизга қизиган ҳаво пуркаб, атрофида айланиб турди. Қиз ҳаво безорисидан жаҳли чиқиб қўлидаги таёқни унга қараб отди: “Йўқол, қаердан келган бўлсанг, ўша ёққа”. Қаттиқ қарсиллаган овоз эшитилди. Қўрқиб кетган қизнинг кўз ўнгида таёқ худди гугурт чўпидек лов этиб ёниб кетди.
Орадан 20 йил ўтди. Ольга эри ва икки фарзанди билан Тошкентда яшарди. Бир куни шаҳар ташқарисига дам олишга чиқишди. Сайр чоғи кўл бўйидан 12 ёшли ўғли қичқириб қолди: “Ойи, қара, қанақадир шар!” У сув устида диаметри 15 сантиметрча келадиган апельсинга ўхшаш ёрқин жисмни кўрди. Шар тўсатдан нишонни кўзлаётгандек ҳавода бурила бошлади. “Аслида қўрқоқлардан бўлмасам-да, мени даҳшат қамраб олди, - деб эслайди аёл. - Ерга ётинглар, бошларингни кўтарманглар, дея қичқирдим болаларга. Шар мени деб келганини тушундим”. Туйғуси алдамаган экан, шар унга қараб ҳаракатланди, боши узра бир неча марта айланиб, ўрмон томонга қараб кетди. Аёлнинг куйган қулоғида чандиқ бир умрга қолди.
Учинчи марта шар чақмоқ уни ўтган қишда йўқлаб келди. Ҳаво совуқ бўлса-да, очиқ эди. “Иссиқхонани таъмирлаётган эдим, у ҳавода пайдо бўлиб, муаллақ туриб қолди. Ниманидир текшириб кўраётгандай у ёқ-бу ёққа чайқалди”, дея ҳикоя қилади пенсионер аёл. Аввалига кампир ўзини йўқотиб қўйган. Аммо дарров ўзини қўлга олиб, қаттиқ овозда, тиззаси қалтираб турган бўлса-да: “Сендан қўрқмайман, қаердан келган бўлсанг, ўша ёққа йўқол”, деб бақирган. Шар иссиқхона атрофида айланиб, сўнгра уйга кириб кетган.
“Мен ойнани чил-чил синганини эшитдим ва ётоқхонага югуриб кирдим, - дейди Ольга Васильевна. - Ерда кўзгуни синиб ётганини кўрдим, эрим ва болаларимнинг фотосурати ҳам оёқ остида ётарди, парда ловуллаб ёнарди. Уни юлиб олиб топтаб ўчирдим ва дераза ойнасида туйнукни кўрдим, у усталик билан пармалаб тешилгандай эди - шар ўша тешикдан чиқиб кетган”.
Ушбу туйнукни кўриш учун қўни-қўшнилар, прораб, участка нозири, Москва, ер магнитизми институти ходимлари келишди. Ҳайратдан ҳамманинг оғзи очилиб қолди: дераза ойнасида кўз очиб юмгунча ҳозирда мавжуд бўлган бирорта асбоб-ускуна билан бундай тешик ўйишни иложи йўқ эди.
Бундай қувватга эга жисм жуда кўп нарсага қодир. Мисол учун, одамни тириклай куйдириши ёки кичикроқ уйни ёқиб юбориши мумкин. Металлни эритиши, дарахтни илдизи билан қўпориб ташлаш унга чўт эмас. Шулар эътиборга олинса, Ольга Васильевна омади бор экан, тирик қолибди. Аммо оловли меҳмон нега уни таъқиб қиляпти? Буни илм-фан ҳозирча тушунтириб беролмаяпти.
“Мир новостей” (2021 й, 12-сон) ҳафтаномасидан Т.Шомуродов тайёрлади.