Ўн саккизинчи тобут ёки пахтазорда кечган умрлар
(Зойир ЗИЁТОВнинг “Қуёш боласи” китобини ўқиб)
Ҳеч эсимдан чиқмайди, биринчи синфда ўқирдим. Энам эрталаб мени мактабга юбориб, ҳали ёшига етмаган синглим Муҳаббатни олиб, эшакка миниб, далага кетарди. Тушга яқин дарсимиз тугагач, латтадан тикилган папкамни кўтариб, далага – энамнинг олдига югурардим. Мактаб билан пахта даласининг ораси тўрт–беш километр бор эди-ёв. Ариқ ёқалаб, тутзорларни оралаб, уватлардан ўтиб борардим. Кун тиккага келган, сувсаб, чарчаб кетдим. Ариқдаги лойқа сувдан ичаман, сўнг, папкамдаги нонни олиб, ивитиб ейман, дедим. Сувга қўл ботирганимни биламан, бир катта кучук ҳансираб, рўпарамда тўхтади. Яқин орада ҳеч ким йўқ, қўрқиб кетдим...
«Кучукни кўрсанг, қочма, ерга ўтир, қўлингга тошми, кесакми олгин. Қўрқсанг, билади, ташланади», дер эди момом. Ўзимча, қўрқмагандай бўлсам ҳам, барибир, йиғлаб юбордим.
- Мени, тишлама, кучукжон, энамга пахта теришгани кетяпман, - дедим.
Ит қўлимга қараб, турганини сезиб, нонимни унга қараб улоқтирдим. Ит нонни тишлаб олиб, нарига кетди, менга бошқа қарамади. Сув ҳам ичмай, шошиб ўрнимдан турдим. Оёғим чалишиб кетди. Бир пой калишчам сувга тушиб кетди. Ит узоқлашганини кўриб, сувга энгашиб, калишчамни изладим, ҳамма жойим ҳўл бўлди, пишқириб оқаётган сувга тушишга қўрқдим. Эссизгина, кечагина отам бозордан олиб келган янги калишим эди. Энам бир ойдан бери тайинлай-тайинлай олдиртирган эди. Кун бўйи мактабда ярақлатиб, суюниб кийиб юрган эдим... Энам урушса нима қиламан энди... То даладаги шийпонга етгунча йиғлаб бордим. Энам ҳам алағда бўлиб, йўлимга қарай-қарай, пахта тераётган экан... Калишим сувга тушиб кетганини айтиб, йиғлайвердим... Ҳозир урушса керак, деб қўрқиб турибман. Койиди. Мени эмас, пахтани, “ўт тушсин, пахтасигаям”, деди...
Ёш боласи бор аёллар даладан сал вақтлироқ қайтарди. Энам икки пақир тут териб қўйган экан. Хуржуннинг икки кўзига пақирларни солди, «Шинни пиширамиз», дедилар. Мени орқага, синглимни олдига миндириб, эшакни ҳайдади. Келатуриб, калишим йўқолган жойни узун чўп билан роса излади, топилмади.
Эртасига мактабга яна эски, йиртиқ калишчамда кетдим... Бу бир кунлик хотира, холос. Барча тенгдошларим қатори пахтазор четидаги тутга бойланган беланчакларда катта бўлганмиз. Оналаримизга эргашиб, пахта терганмиз. Болалигимиз, ўқувчи ва талаба бўлганимизда ҳам, мустақил иш бошлаганимизда ҳам, умримиз пахта билан боғлиқ эди. Ҳатто Тошкенти азимга ўқишга кетсак ҳам, пахта ортимиздан етиб борган, қиш бошлангунча Сирдарё далаларида пахта терар эдик...
Зоир Зиётовнинг “Қуёш боласи” романини қўлимга оларканман, хотирамда қадим армонларим уйғонди. Ўзимни қайтадан пахта далаларида кўрдим. Навниҳол пайтимиздан елкамизга кетмонни ташлаб, эшакларга ўтириб, далага шошганларимиз, бошимизни кўтармай, ким ўзарга пахта терганларимиз, кетмон қадоқ қилган, чаноқлар тилган, ҳали ҳамон ўша асоратлари кетмаган қўлларимиз, лойқа сувлар ичганимиз, устимиздан оғу сепиб ўтган самолётлар ортидан чопганларимиз кўз олдимдан ўтди.
Аввалига, китобни кўриб, бунча қалин (360 бет), қачон ўқиб тугатаман, деб ўйладим. Бошлаганимдан сўнг, бошимни кўтара олмадим. Воқеалар ростлиги, қизиқлиги, бир-бирига занжир каби боғланиб кетиши, ҳайратларга тўла, кўз ёшларга қоришиб кетгани, турфа тақдирлари, олис мамлакатларгача етиб боргани билан ўқувчини қўйиб юбормайди. Ҳаммаси ўзимизга таниш манзаралар, таниш колхозчилар, табелчилар, раислар ва катталар... Ҳар биримизнинг пахтазорда кечган умримиз.
Китобда тасвирланган воқеалар Самарқанд далаларида кечади. Қаҳрамонлар ҳам ўзимиз билган одамлар. Ўрмонжон муаллифнинг ўзи. У бизлар каби пахта ичида улғайди. Пахтани миридан сиригача билади. Унинг ҳам болалиги, ўсмирлиги, ёшлигининг илк лаҳзалари пахтазорлар ичида қолган. “Болаликнинг беғам, беташвиш дамлари”, деган сеҳрли сўзлар пахтакорнинг боласига ёт. Мол етаклашга яраган ўғилдир, қиздир, бисотидаги сигирини етаклаб, далага йўл олади. Пахтанинг ичидан бегона ўтларни юлиб, молининг олдига ташлайди. Ўзи учун ясалган кетмончани олиб, ғўза чопиқ қилади. Бир неча қаторларни ўтдан тозалайди. Шошилиб бирорта ғўзани чопиб олсанг борми, табелчидан бошинг балога қолади. Кетмончани тортиб олиб, нарига улоқтиради, ўзингни даладан ҳайдайди. Пахта одамдан азиз бўлган йиллар...
Пахта сиёсати ва пахтакорлар қадрининг топталиши, ҳаммамизнинг ёдимизда кетмас излар қолдирган. “Оқ олтин”имизнинг довруғи Кремлгача етиб борар, уни етиштирганлар қамоқхоналарда хўрланар эди.
***
Воҳ, бу китоб бунча юрагимни титмаса-я? Балки баримизнинг юрагимиздаги дардларни топиб айтилганидан шундайдир... Китобнинг “Ҳур қизлар” бобида трактор тележкасида далага отланган 17 нафар қизнинг ҳаммаси фожиали ҳалок бўлгани ҳақида ёзилган. Трактор нишаб жойдан сувга қулайди. Тележка ҳам, қизалоқлар ҳам... Бир оиладан 14–15-16 ёшли уч қизалоқ ҳалок бўлди. Уларнинг отаси йўқ, ёлғиз онаси бор эди. Қизчалар пул ишлаб келиб, рўзғоримизни бутлаймиз, деб далага чиқишган эди. Улар колхозчи қизлар эдилар (менинг ҳам меҳнат дафтарчам 14 ёшимда очилган ва бир йилда ишлаган меҳнат куним ёзилган).
Ёлғиз аёл - она ўша тундаёқ, ҳали қизларининг жасади топилмай туриб, жон беради. 17 та тобут ёнига 18-тобут ҳам қўшилади. Бу зурёди тугаб битган онанинг тобути эди. Ўн саккизинчи тобут ичида бутун ўзбек оналарининг чиқолмаган жонлари ҳам бор эди. Пахта етиштираман, деб болалари хўрланган, зўрланган, қамалган аёлларнинг бўғзига тиқилган жонлари ҳам бор эди. “Айбловга қўл қўймасанг, бокира қизингни, хотинингни кўз ўнгингда зўрлайман”, деган Гдлянлар қолдирган аламлар ҳам бор эди... Ўша куни қабрга 17 нафар ҳур қиз ва бир онанинг жасади қўйилди. Ер йиғлади, осмон йиғлади, Ўзбекистон йиғлади, ҳатто пахталарнинг ўзи ҳам йиғлади...
***
Муҳаббатнинг кашф қилинмаган жумбоқлари инсон умри қадар мавжуд. Уни ҳамма ўзича изоҳлайди. Ҳамма ўзини ҳақ деб билади. Зоир Зиётов тасвирлаган муҳаббат бошқача. Унинг қаҳрамонлари жимгина изтироб чекади. Ўқувчисини ҳам жимлик қаърига оҳиста етаклайди.
Ўсмир Ўрмонжоннинг муҳаббати қизиқ. Пахтазорда чопиққа сафарбар қилинган мовий кўзли фаришта, тиббиёт ҳамшираси Альбинани чиройи, осмон сифатли кўзлари, тоза қалби уни ҳайратга солади. Кап-катта жувон ва ўсмир муносабатлари қандай кечаркан, деган савол айланади.
Бир марта кўксига бош қўйиб, оналик, опалик меҳрини туйган, тоза қалб меҳрига сазовор бўлган Ўрмонжон пахта туфайли изтироблар чеккан Альбина опасини кучи етгунча, умр бўйи ҳимоя қилади. Меҳрига, иззатига сазовор бўлади. Эр етиб, Альбинага ўхшаган мовий кўзли, соф юракли умр йўлдош топади ўзига.
Китобда ўзбекона дўстлик, садоқат, мардлик, ота-оналарига ҳурмат, фарзандлар тарбияси, садоқат, одамийлик туйғулари жуда гўзал тараннум этилган. Оилавий анъаналарни ўрганса арзийди. Булар ҳаммаси олимлар фикр билдирадиган, кашф қиладиган ўзбекча фазилатлардир.
***
“Қуёш боласи”ни ўқий туриб, миллатимизни маҳв қилган, бошига кечирилмас кулфатлар солган нарса пахта эмас, балки пахтани восита қилган сиёсат эканини англаймиз. Тарихимизни қора ҳарфларда битганлар пахтафурушлар эканини тушунамиз.
Олим ва адиб Зоир Зиётов пахтани отасининг таъбири билан қуёш боласи деб таърифлайди. Уни етиштириш учун қуёшнинг тафти, деҳқоннинг ҳароратли меҳри керак, дейди.
Ўзбек пахтачилиги тажрибасини муаллиф хорижликларга бориб ўргатиб келади ва уларнинг олқишларига сазовор бўлади. Пахта экиб, етиштириб, рўзғорга барака киритиш, давлатни бой қилиш, дунёнинг кўз ўнгида энг нуфузли мамлакатга айланиш мумкинлигини исботлайди. Бу ҳалол, техникага таянган, илмий асосда ташкил қилинган меҳнат халқи, миллати шаънини улуғлашини тушунтириб беради.
Албатта, бадиий услубда, ўқувчини зериктирмайдиган услубда тасвирлайди.
24 ёшида Иштихондаги “8-март” колхозида донгдор раис, хорижда пахтакор олим бўлган ўзимизнинг Зоир Зиётов, эндиликда тарихий романлар ёзган, тарихчилар айтмаган гапларни айтишга журъат қилган қомусий олим, бугун бизга кечаги кунимизни кўз олдимизга келтиришга, ҳаққоний тасвирлашга журъат этиб турибди.
Китобга сўз ёзганлар - ёзувчи Мамадали Маҳмудов, адабиётшунос адиблар Маҳкам Маҳмудов, Ортиқбой Абдуллаев, шоир ва журналист Зайниддин Баҳриддинов, журналист Ҳусан Эрматовлар ёзувчининг маҳорати ҳақида ажойиб фикрлар билдиришган. Улардан ўтиб нима ҳам дердим. Бир шоира сифатида ҳис қилганларимни қисқартира-қисқартира шуларни қоғозга кўчирдим. Қолганларини китобдан ўқинг ва ҳаётий қаҳрамонларни таниб олинг.
Хосият БОБОМУРОДОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.