Онамни соғиниб...

Тахмондаги катта сандиқларда китоблар бор эди. Меҳмонхонадаги шкафларда ҳам шоир ва ёзувчиларнинг китоблари, газета, журналлар тахлами жой олганди.
Мен ёки укам китобларга, қўлёзмаларга сўроқсиз тегинмасдик. Бир куни қизиқишим устун келиб, онамнинг дафтарларини варақладим. Ҳар хил мавзулардаги ғазал, тўртлик, рубоийлар. Она ҳақидаги шеърларини диққат билан ўқиб чиқдим. Унда қуйидаги сатрлар бор эди:
Маъюс чеҳрангизга боққанимда,
Юрагим ногаҳон орзиқиб кетди.
Оппоқ сочларингиз силаганимда,
Муаттар бўйлари мени маст этди.

Камтарингина онажонимнинг Аллоҳ берган истеъдодларидан бехабарлигимдан бироз уялдим. Нодира, Увайсий, Зулфиянинг ғазал ва рубоийларини қўшиқ қилиб айтиб юрардилар. 
Онажоним доим китоб ўқишимизни, бировга яхши гапириб, яхшилик қилишимизни истардилар ва буни қайта-қайта таъкидлардилар.
Уларнинг бебаҳо ўгитларига амал қилиб, кам бўлмадик. Аввал коллежда, ундан сўнг олийгоҳда таҳсил олдим. Ўзим ҳам шеърлар ёза бошладим.
Бир куни онажоним охирги нашр қилинган китобимни ўқидилар.
– Нуридийдам, – дедилар меҳр тўла кўзлари билан менга қараб. 
– Қачондан бошлаб шеър ёзасан?
– Сизнинг шеърларингизни ўқиганимдан бери, – дедим.
– Шеър ёзганинг, китоблар чиқарганинг яхшику-я, шоиралик қисмат-да, – дедилар хўрсиниб. – Баъзан ҳаётда ижодни тушунган, тушунмаган кишилар ҳам бўлади.
Онажон! Бахтимизга соғ бўлинг. Умрингиз узун бўлсин илоҳим. Байрамингиз билан табриклайман.

Назира ҲАМИДОВА
Ситоранинг дил сўзларини оққа кўчирди.