Онаси ёрдамида қизларни Дубайга фоҳишаликка юбормоқчи бўлган ўғил озодликдан маҳрум этилди
Одам савдоси энг жирканч жиноятлардан ҳисобланади. Ушбу жиноятни она ўз ўғли билан содир қилган бўлса-чи? “Наҳотки, она фарзандининг, ёлғиз ўғлининг келажагини ўйламади ёки эл-юртдан уялмади?” деган ўй келади хаёлга.
Судланувчи У.А. отаси кимлигини ҳам билмайди. Онаси кўп йиллардан буён Бирлашган Араб амирликларининг Дубай шаҳрида яшайди. У.А. ўз ҳолича яшаб, ўзига ўхшаган дўстлари билан ўғирлик ва боқинчилик жинояти содир этгани учун суд томонидан тегишли жазо тайинланиб, 2016 йилда “Амнистия акти”га асосан жазони ўташдан озод қилинган.
У.А озодликка чиққач, уни назорат қиладиган одам бўлмаганлиги, бирор-бир фойдали меҳнат билан шуғулланмагани боис онаси томонидан юборилаётган пулларга кунини спиртли ичимлик истеъмол қилиб, енгил табиатли қизлар билан ўтказа бошлайди.
У Дубай шаҳрида яшаб келаётган онаси М.Ф. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2019 йил сентябрь ойи бошларида фуқаролар Ю.Д. ва С.М. билан танишиб, улардан фойдаланиш мақсадида алдаб, Дубай шаҳрида фоҳишалик қилиб, катта пул ишлаб топишлари мумкинлигини, уларга ёрдам берганлиги учун онаси Ф.Маткаримовага фоҳишалик йўли билан 5000 АҚШ доллари ишлаб беришлари лозимлигини, шундан сўнг фоҳишалик қилиб ўзлари учун кўп миқдорда пул маблағлари ишлаб топишларини айтади. Уларни қизиқтириб, ишончига кирган ҳолда онаси томонидан юборилган БААда бўлишлик тўғрисидаги виза ҳужжатлар ва “Тошкент-Дубай” йўналиши бўйича авиачиптани Ю.Д. ва С.М.ларга бериб, уларни Дубай шаҳрига юбормоқчи бўлган вақтда Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари томонидан У.А. ушланган.
Суд томонидан У.А. муқаддам жиноят содир қилган, жазо ўтаб чиққан бўлса-да, ўзига керакли хулоса қилмасдан, яна бир бор қасддан жиноятга қўл урганлигини инобатга олиниб, тегишли тартибда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шоҳруҳ МИРЗААҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.